Ўзбекистонлик юк ташувчи ҳайдовчиларга Россияда 6 ойгача қолишга рухсат берилиши мумкин
Ҳозирда Россияга визасиз кирган хорижий фуқаролар мамлакатда бир календар йил давомида жами 90 кундан ортиқ қолиши мумкин эмас.

Ўзбекистонлик ҳайдовчиларга Россиядан чиқмасдан 6 ойгача қолишга рухсат берилиши мумкин.
Россия ҳукумати халқаро юк ташувларда ишловчи ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун мамлакатда рухсат этилган бўлиш муддатини 90 кундан 180 кунгача узайтиришни кўриб чиқмоқда.
Халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи Ўзбекистон фуқароси бўлган юк машинаси ҳайдовчилари учун Россия Федерациясида бўлиш қоидалари яқин орада ўзгариши мумкин.
Хусусан, Россияда рухсат этилган бўлиш муддати ҳозирги 90 кундан аввал амалда бўлган 180 кунгача узайтирилиши кутилмоқда. Бу масала 17 январ куни Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ботиржон Асадов иштирокида бўлиб ўтган дипломатик корпус ва бизнес вакиллари ўртасидаги очиқ мулоқотда муҳим мавзулардан бири бўлди.
Логистика соҳасидаги ходимлар учун миграция қоидаларини қайта кўриб чиқиш зарурати Фарғона вилоятининг Сўх туманида жойлашган ва Россия бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи Lazar Natural Export компанияси вакили томонидан кўтарилди.
Унинг таъкидлашича, амалдаги чекловлар нормал савдога жиддий тўсиқлар яратмоқда. Ҳайдовчилар мунтазам қатновларни амалга ошираётган бир пайтда белгиланган бўлиш муддатини тезда тугатиб қўйишмоқда ва натижада Россияга қайта кира олмай, транспорт компаниялари фаолияти деярли фалаж ҳолатга келмоқда.
Бу саволга жавобан элчи Ботиржон Асадов мазкур йўналишда юқори ҳукуматлараро даражада ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Хусусан, Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бу масалани россиялик ҳамкасблари билан муҳокама қилган.
Элчининг айтишича, Россия ҳукумати Ички ишлар вазирлигига 180 кунлик муддатни қайта тиклаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш топшириғини берган.
"Ҳужжатларни тайёрлаш жараёни бошланган, бироқ қонунчиликка ўзгартириш киритиш бироз вақт талаб этади. Умид қиламизки, тузатишлар тез орада қабул қилинади ва эски тартиб фақат ҳайдовчиларга нисбатан қўлланилади”, — деди Асадов.
Элчи яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратди: янги тартиб доирасида қўшимча ҳужжатлар талаб этилади. Яъни, узайтирилган муддатдан фойдаланиш учун ташувчилар ўзларининг халқаро ҳайдовчи эканини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак бўлади.
Муҳокамада Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ҳам иштирок этди. Унинг айтишича, қонунчиликдаги ўзгаришлар расман кучга киргунига қадар ўтиш даврида Россиянинг тегишли идораларига ўзбекистонлик ҳайдовчиларга жарима қўлламаслик бўйича кўрсатма берилган. ТИВ маълумотига кўра, ҳозирча Россия ҳудудида ҳайдовчилар учун оммавий тўсиқлар кузатилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Россияда қатъийроқ миграция қоидалари 2025 йилдан кучга кирган. Янги тартибга кўра, Россияга визасиз кирган хорижий фуқаролар мамлакатда бир календар йил давомида жами 90 кундан ортиқ қолиши мумкин эмас. Аввал эса “180 кундан 90 куни” қоидаси амал қилган бўлиб, ҳар олти ойда бўлиш муддатини янгилаш имконияти мавжуд эди.
Ўтган кузда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларига “90/365” қоидасига қатъий риоя қилишни тавсия қилган эди. Ушбу қоидани бузиш жиддий оқибатларга, жумладан, 3 йилдан 10 йилгача Россияга кириш тақиқига олиб келиши мумкин. Профессионал ҳайдовчилар учун эса бу касбидан айрилиш билан баробар.