Тошкентда 61 гектардан ошиқ ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди
Ерларни қайтариш ва уларда қурилган иморатларни бартараф этиш бўйича судларга 1 622 та даъво аризалари киритилди.

Тошкентда 61 гектардан ошиқ ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлим ходимлари томонидан 2025 йилда ўтказилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 3 927 та ҳолатда 61,25 гектар ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган.
Берилган ёзма кўрсатмалар, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 2 764 та ер қонунбузилиш ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилишига эришилган.
Ер участкаларини қайтариш ва уларда қурилган иморатларни бартараф этиш бўйича судларга 1 622 та даъво аризалари киритилган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлган 34 та иш ҳужжати ўрнатилган тартибга мувофиқ прокуратура органларига юборилган.
Юқоридаги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг 937-сон Қонуни талабларига мутаносиб бўлмагани учун ҳам ушбу жойларда ер ва кадастр назорати тадбирлари амалга оширилган.
Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилмалар қуриб олиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.