Алишер Қодиров дабдабали тўй қилувчилардан солиқ ундиришни таклиф этди
Ҳар бир меҳмон учун солиқ ҳисобланиши кераклигини айтган сиёсатчи ҳашаматли тўйларни "оғриқли иллатларидан бири" деб атади.

Ўзбекистонда дабдабали тўйларни тартибга солиш мақсадида аҳолига буни иллат эканини сингдириш ёки чеклов сифатида "ҳашамат солиғи"ни жорий этиш таклиф этилди.
Бу ҳақда 16 январь куни "Миллий тикланиш" демократик партияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида партия раиси Алишер Қодиров таъкидлади.
"Партиямизнинг дабдабали тўйлар борасида ўз қараши бор ва бундан кечганимиз йўқ, бу бизнинг принципиал ёндашувимиз. Халқимизнинг ўзи тушуниб етиши керакки, хўжакўрсинга — кимларгадир ниманидир исботлаш учун сарф қилиш замони ортда қолди. Кўрпага қараб оёқ узатиш керак, деган нақлни халқимиз тўғри тушуниши лозим. Ҳеч ким бир-бирига кўрсатиш учун тўй қилиши керак эмас. Даромадимизни фақат тўйларга исроф қилиш миллатимизнинг оғриқли иллатларидан бири эканини ҳар доим таъкидлаб келганмиз", деди Қодиров.
Сиёсатчига кўра, тўйга келган ҳар бир меҳмон учун солиқ ҳисобланиши керак.
" Ҳашаматни хоҳлаяпсизми, унинг солиғини ҳам ҳашаматли қилиб тўланг. Масалан, 10 минг одамни чақириб тўй қилмоқчимисиз? Тўйда одам бошига қараб солиқ ҳисоблансин. 10 минг одамнинг солиғини тўлаб қўйинг-да, кейин шунча меҳмон билан тўй қилаверинг", — дейди партия раиси.
2021 йилда Алишер Қодиров сайлов арафасида мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини билдирганди.