platina.uz
Жаҳон

Гренландия етакчиси орол АҚШга қўшилишни истамаслигини айтди

Дания ва Гренландия раҳбарлари орол сотилмаслигини қатъий таъкидлаб келади. Бу эса Трамп маъмурияти расмийларининг барча вариантлар, жумладан ҳарбий чораларни ҳам кўриб чиқилаётгани ҳақидаги баёнотларига сабаб бўлди. 

Гренландия етакчиси орол АҚШга қўшилишни истамаслигини айтди

Нилсен: Гренландия АҚШГА қўшилишни истамайди.

Гренландия раҳбарияти АҚШнинг ҳудудни қўлга киритиш эҳтимоли ҳақидаги баёнотларини рад этиб, Дания, НАТО ва Европа Иттифоқига содиқ қолишини маълум қилди.

“Агар ҳозир ва шу ерда АҚШ билан Дания ўртасида танлов қилишимизга тўғри келса, биз Данияни танлаймиз” — деди Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен сешанба куни Копенгагенда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. “Биз НАТОНИ танлаймиз. Биз Дания Қироллигини танлаймиз. Биз Европа Иттифоқини танлаймиз.”

Нилсен Дания бош вазири Метте Фредериксен билан бирга чиқиш қилди. AFP хабарига кўра, Фредериксен “энг мураккаб давр ҳали олдинда эканини кўрсатувчи кўплаб аломатлар бор”, деди.

Президент Доналд Трамп Данияга қарашли, ярим автоном ҳудуд бўлган Гренландияни миллий хавфсизлик сабабларини келтирган ҳолда АҚШ томонидан сотиб олиш истагини бир неча бор билдирган.

“Агар биз Гренландияни олмасак, Россия ёки Хитой уни олади, ва мен бунга йўл қўймайман” — деди Трамп.

“Мен улар билан келишув тузишни истардим. Бу осонроқ”, — дея қўшимча қилди у. “Аммо барибир, қандай бўлмасин, Гренландия бизники бўлади.”

Бироқ Дания ва Гренландия раҳбарлари Гренландия сотилмаслигини қатъий таъкидлаб келмоқда. Бу эса Трамп маъмурияти расмийларининг барча вариантлар, жумладан ҳарбий чораларни ҳам кўриб чиқилаётгани ҳақидаги баёнотларига сабаб бўлган.

“Битта нарса ҳаммага аниқ бўлиши керак: Гренландия АҚШГА тегишли бўлишни истамайди. Гренландия АҚШ томонидан бошқарилишни истамайди. Гренландия АҚШнинг бир қисми бўлишни хоҳламайди”, — деди Нилсен кеча берган баёнотида.

Дания 75 йилдан ортиқ вақтдан бери АҚШнинг НАТОдаги энг ишончли иттифоқчиларидан бири ҳисобланади. Фредериксен АҚШ ҳақида гапирар экан, “энг яқин иттифоқчимиз томонидан мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган босим бўляпти”, деди.

АҚШ Сенатидаги демократлар ва айрим республикачилар Гренландияга қарши ҳарбий ҳаракатларга қарши эканини билдирди. Виржиниялик демократ сенатор Тим Кейн "Face the Nation with Margaret Brennan" дастурида Гренландияда ҳар қандай ҳарбий ҳаракат "фалокатли” бўлишини айтди.

Республикачи сенатор Ренд Пол ўтган ҳафта “CBS Mornings” дастурида Гренландияни ҳарбий йўл билан эгаллашга уринишларнинг ҳар қандай кўринишига қарши чиқишини айтди. Бироқ у Гренландияни сотиб олиш ғоясига қарши эмаслигини, АҚШ тарихда ҳудудларни сотиб олганини эслатиб ўтди.

АҚШ Конституциясига кўра, уруш эълон қилиш ҳуқуқи фақат Конгрессга тегишли. Ўтган ҳафта Сенат Трамп маъмуриятининг Венесуэлага нисбатан кейинги ҳарбий зарбалар бериш имкониятларини чеклашга қаратилган резолюцияни илгари сурди. Беш нафар республикачи барча демократлар билан бирга резолютсияни қўллаб-қувватлади, бу эса Гренландия бўйича ҳарбий ҳаракатларга етарли сиёсий қўллов йўқлигини кўрсатди.

Демократ сенатор Рубен Галлего эса ўтган ҳафта “Трампнинг Гренландияга бостириб киришини тўсиш” учун қонун лойиҳаси киритишини айтди.

Politico нашрига кўра, 12 январ куни Вакиллар палатасидаги икки партиядан бўлган бир гуруҳ қонунчилар НАТО аъзоларига қарши ҳарбий ҳаракатларни тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этди.

“Улар бизнинг иттифоқчиларимиз”, — деди у. — “Иттифоқчиларга бундай муносабатда бўлиш мумкин эмас. Бу шунчаки уят. Қолаверса, гренландияликларнинг аксарияти гренландиялик бўлиб қолишни истайди. Улар америкалик бўлишни хоҳламайди. Аммо улар бизнинг иттифоқчимиз бўлишни хоҳлайди. Бу эса Европадаги дўстларимиз орасида катта ғазаб ва ранжиш уйғотмоқда" дея қўшимча қилди у.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid