Биржада пропан нархига қўйилган юқори чегара қатъийлаштирилди
Пропан импорти билан шуғулланувчи корхоналар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун бошланғич нарх 1 тоннаси учун 7,5 млн сўмдан оширилса, буюртмалар қабул қилинмайди

Биржада пропан нархига қўйилган юқори чегара қатъийлаштирилди. Бу ҳақда Spot ёзган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Республика товар хом-ашё биржасида пропан нархига қўйилган юқори чегарани қатъийлаштирди.
Қўмитанинг 2026 йил 9 январдаги тегишли кўрсатмаси (104/02−15-сон) билан 12 январдан бошлаб биржа савдоларида суюлтирилган газ сотиш нархининг ҳар бир сотувчи бўйича бошланғич нархига нисбатан ошириш чегараси (спред) 20% дан 10% гача пасайтирилди.
Бундан ташқари, пропан импорти билан шуғулланувчи корхоналар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун бошланғич нарх 1 тоннаси учун 7,5 млн сўмдан оширилса, буюртмалар қабул қилинмайди.
Аввалроқ пропаннинг кўча ва давлат нархи пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганди. Рақобат қўмитаси баёнот бериб чиқди ва бу мавзуни ёритганларнинг ўзини огоҳлантирди. Қўмита барча ижтимоий тармоқ фаолларини ички бозорда нархлар ошишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ахборотларни тарқатмасликка чақирган.