Рақобат қўмитаси пропан нархи бўйича ўрганиш бошлади
Ўзбекистонда пропан нархи кескин ошиб, икки ой ичида 44 фоизга юқорилади.
Рақобат қўмитаси пропан нархи ошгани сабаб ўрганиш бошлади.
Айтилишича, ижтимоий тармоқлар орқали “Пропан” газ нархларининг кескин ошганлиги юзасидан эътирозлар тарқалиб, жамоатчилик томонидан муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Рақобат қўмитаси юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ўз ваколатлари доирасида товар-хом ашё биржалари орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишларни олиб бормоқда.
Ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.
Маълумот учун, Рақобат қўмитаси ўз функцияларидан келиб чиққан ҳолда биржа савдоларида сотилаётган юқори ликвидли маҳсулотларнинг реализацияси ҳолатини доимий таҳлил қилиб келади, хусусан, суюлтирилган газнинг нархларини ошиши мумкинлигини олдиндан прогноз қилган ҳолда, унинг нархини барқарорлаштиришни таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўриш юзасидан масъул регуляторга (15.07.2024 йил) хабар юборилган, дейилади қўмита изоҳида.
Ўзбекистонда енгил автомобиллар учун метаннинг 1 августгача белгиланган 3750 сўм миқдоридаги чакана нарх чеклови тўхтатилди. Энди ёнилғи қуйиш шохобчалари нархни ўзлари белгилайди, у ўртача 200−500 сўмга кўтарилди. Пропан нархи кескин ошиб, икки ой ичида 44 фоизга юқорилади.