platina.uz
Жаҳон

Малайзия собиқ бош вазири 15 йил қамоққа ҳукм этилди

У 11,4 миллиард ринггит (тахминан 2,6 млрд доллар) жарима ҳам тўлайди. Нажиб Раззоқ иши мамлакат тарихидаги энг катта коррупцион жиноятлардан саналади. 

Малайзия собиқ бош вазири 15 йил қамоққа ҳукм этилди

Суд Малайзиянинг собиқ бош вазири Нажиб Тун Раззоқни 1MDB давлат жамғармасидаги коррупция схемалари билан боғлиқ ҳолда 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 11,4 миллиард ринггит (тахминан 2,6 млрд доллар) жаримага тортиш ҳақида ҳукм чиқарди, деб хабар берди The Star.

Нажиб Раззоқ ҳокимиятни суиистеъмол қилиш бўйича тўртта айблов билан 15 йилга ва пул ювиш бўйича 21 та айбловнинг ҳар бири учун беш йилдан озодликдан маҳрум этилди.

Собиқ бош вазирнинг адвокати гаров пулини қайтаришни сўради ва суд ушбу илтимосни қаноатлантирди. Адвокатнинг таъкидлашича, ҳимоя томони ҳозирча ҳукм ижросини тўхтатиб туришни сўрамайди.

72 ёшли Нажиб Раззоқ 2009 йил апрелидан 2018 йил майигача Малайзия бош вазири лавозимида ишлаган. Ўша йилнинг июл ойида у коррупцияда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди.

2020 йилда Малайзия Олий суди уни 1MDB коррупция можароси доирасида ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, маблағларни ўзлаштириш ва пул ювишда айбдор деб топди.

Ўшанда Нажиб Раззоқ 12 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, қарийб 44 миллион доллар жаримага тортилганди. 2024 йилда унинг жазо муддати олти йилгача (2028 йил 23 августгача) қисқартирилди ва жарима миқдори асл сумманинг чорак қисмигача камайтирилди.

1MDB жамғармаси 2015 йилда йирик коррупция можароси марказида бўлган эди. Унинг фаолияти бўйича тергов натижасида 11 миллиард доллар қарздорлик аниқланган. Шунингдек, Малайзиянинг юқори лавозимли амалдорлари иштирокидаги коррупция схемалари фош этилиб, ушбу маблағларнинг 700 миллион доллари Нажиб Разоқнинг шахсий ҳисоб рақамларидан топилган.

Бу воқеа Малайзия тарихидаги энг йирик молиявий жиноятлардан бири ҳисобланади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid