Давлат харидларини сунъий интеллект асосида ҳисобловчи модул ишга тушади
Харидлар соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар вужудга келиши мумкин бўлган хавфларнинг ягона таснифи шакллантирилади.

Давлат харидлари тизимида рақобат ва шаффофлик таъминланади.
“Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–259-сон, 26.12.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модул ишга туширилади.
2026 йил 1 январдан давлат харидларида рақобатли усул орқали айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг “таклиф сўрови” янги тартиб-таомили жорий этилади.
2026 йил 1 январдан:
- Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати бекор қилиниб, мазкур рўйхат бўйича давлат харидлари рақобатли усуллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;
- “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат бериш ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат хариди ижрочисининг номи аниқ кўрсатилади;
- давлат харидларида электрон дўконга оферталарни жойлаштириш муддати 15 кундан 60 кунгача узайтирилади ҳамда товарларни етказиб бериш муддати камида 5 кун этиб белгиланади;
- Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида харид ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш муддатлари уларнинг қиймати ва мураккаблигидан келиб чиқиб қисқартирилади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан:
- давлат буюртмачиларининг харид режалари эълон қилингандан кейин ушбу маълумотлар автоматик равишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга электрон хабарнома тарзида юборилади;
- бюджет буюртмачилари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўтказиладиган маҳаллий аукцион савдоларини ўтказиш йўлга қўйилади.
- бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукционда 1 та тадбиркор иштирок этган тақдирда, аукцион ўтказилган деб ҳисобланади.
2026 йил 1 июлдан қуйидагилар жорий этилади:
- давлат харидларига оид таклифларни давлат харидлари электрон тизими орқали фақат электрон шаклда баҳолаш;
- давлат буюртмачилари томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилувчи шахсларга ишончномаларни давлат харидлари электрон тизими орқали электрон кўринишда расмийлаштириш.
Қуйидаги механизмларни назарда тутувчи “Давлат харидларида назорат” саҳифаси жорий этилади:
- давлат харидлари соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар вужудга келиши мумкин бўлган хавфларнинг ягона таснифини шакллантириш;
- хавф-хатарларни тоифаларга ажратиш, шунингдек, уларни автоматик аниқлаш ва хабардор қилиш;
- давлат буюртмачиларини содир этган ҳуқуқбузарликларига кўра тоифаларга ажратиш;
- давлат харидларида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ўз ичига олувчи “Харидларда KPI” рақамли рейтингини жорий қилиш.