“Она Ер нидоси” ҳужжатли филми премьераси бўлиб ўтди
“Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ушбу тадбирда иштирок этди.

Ерларнинг таназзулга учраши инсониятнинг энг жиддий экологик муаммоларидан бири бўлиб, ундан Ер юзидаги қуруқликнинг 40 фоизи ва 3,2 миллиард киши азият чекмоқда.
Марказий Осиёда умумий ер майдонининг қарийб 37 фоизи деградацияга учраган бўлиб, бу озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурслари ва иқлим барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 26 фоизга етган: шўрланиш даражаси ортмоқда, тупроқдаги гумус миқдори ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги камаймоқда.
Муаммонинг жаҳон миқёсидаги долзарблигини ҳисобга олиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва "Замин" фонди кўмагида "Она Ер нидоси" ҳужжатли фильми суратга олинди ва 4 декабр куни Бутунжаҳон тупроқ кунига бағишланган халқаро тадбирлар доирасида ФАОнинг Италиядаги Бош қароргоҳида илк бор жамоатчиликка намойиш этилди.
Ўзбекистонда ушбу фильмнинг премьераси "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" Миллий тадқиқот университети ҳамда Давлат аграр университетида бўлиб ўтди.
Бу фильм камдан-кам ҳолларда кадрда кўринадиган, аммо ҳар куни ер билан ишлайдиган одамлар — фермерлар, агрономлар, олимлар ҳақида.
"Замин" фонди Васийлик кенгаши раиси талабалар билан самимий суҳбатда тупроқ деградатсияси муаммоларини муҳокама қилди, бўлажак мутахассисларнинг ғоя ва таклифларини диққат билан тинглаб, экологик жараёнлар минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун қанчалик хавфли эканини таъкидлади.
Зироат Мирзиёева эко-мактаб ўқувчилари ва талабалар билан биргаликда тупроқнинг қадр-қиммати, уни деҳқонларнинг кўп асрлик тажрибаси, барқарор амалиётлар ва илғор технологияларни уйғунлаштириш орқали асраб-авайлаш бўйича фермер ва олимларнинг саъй-ҳаракатлари ҳақидаги ҳужжатли фильмни томоша қилдилар.
Тадбирда, шунингдек, алоқадор вазирлик ва идоралар, ФАО, БМТ, БМТТД, Германия халқаро ҳамкорлик агентлиги (GIZ), Франция тараққиёт агентлиги (AFD), Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA), KFW тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
“Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева “Она Ер нидоси” ҳужжатли фильм премьерасида иштирок этди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва "Замин" фонди кўмагида суратга олинган фильм ҳар куни ер билан ишлайдиган, аммо камдан-кам эътибор марказида бўладиган фермерлар, агрономлар ва олимлар фаолиятини ёритади.

Фильмни “Замин” фондининг Youtube канали орқали томоша қилиш мумкин.