Давлат идораларига бюджет ҳисобидан корпоратив ўтказиш тақиқланди
Ходимлар ўз ойлик маошлари ҳамда рағбат пуллари ҳисобига ишдан ташқари вақтларда Янги йил байрами тадбирларини ташкил этиши мумкин.

Ҳукумат қарори билан давлат идораларига бюджет ҳисобидан Янги йил корпоративларини ўтказиш тақиқланди.
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори эълон қилинган. Унга кўра вазирликлар, идоралар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан кам бўлмаган хўжалик бирлашмаларига бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан Янги йил байрами муносабати билан корпоратив тадбирлар ўтказиш ҳамда байрам дастурхонини ёзиш ман этилди.
Бу тақиқ айнан бюджет маблағлари ва ундан ташқари маблағларни сарфламасликка қаратилган.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўз ойлик маошлари ҳамда рағбат пуллари ҳисобига ишдан ташқари вақтларда Янги йил байрами тадбирларини ташкил этишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилларда ҳам бюджет ҳисобидан корпоративлар ўтказиш тақиқланганди.