platina.uz
Жамият

Саида Мирзиёева поездда Ургутга борди

Президент администрацияси раҳбари Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида савдо, логистика ва тиббиёт марказларини ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. Ургутдаги эски поликлиника ҳам эътибордан четда қолмади. 

Саида Мирзиёева поездда Ургутга борди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ургутга борди.

"Кеча Ургутда бўлдик. Самарқанддан Ургут вокзалигача янги темир йўл орқали келдик. Бу йўл Ургутда эркин иқтисодий зона шаклланиши, тадбиркорлар, йўловчилар учун масофа ва харажатларни қисқартиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилма бўлади.

Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида савдо, логистика ва тиббиёт марказларини ташкил этиш лойиҳаси билан танишдим. Асосий мақсад — ҳудудни транзит нуқтадан иқтисодий фаолият марказига айлантириш", дея ёзади Мирзиёева.

Янги логистика маркази кунига 100 тагача юк автомобилига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Бу ерда логистика фақат ташиш эмас, балки маҳсулот қийматини оширувчи босқич сифатида кўрилмоқда. Божхона жараёнларида бюрократия қисқариб, тезлик ва шаффофлик оширилади.

Диагностика марказида 200 нафар бемор, савдо марказида эса 800 нафар тадбиркор учун шароитлар яратилади. Бу орқали Тожикистон фуқаролари ҳам паспорт назорати, ортиқча ҳужжат ва навбатларсиз савдо қилишлари, тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Одамлар учун қулайлик ошади ва иқтисодий алоқалар янада кучаяди.

Ургутнинг сув таъминоти тизимидаги асосий муаммо — сув билан барқарор таъминланмаган минглаб гектар ерлар ҳамда эскирган насос станциялари сабаб юқори сув йўқотишларидир. Айрим ҳудудларда сув танқислиги ҳосилдорликни пасайтириб, экспорт салоҳиятини чеклаб келмоқда.

Янги лойиҳалар доирасида ушбу муаммолар тизимли ҳал этилади. 10 минг гектардан ортиқ ер майдони барқарор суғоришга ўтказилади, насос станциялари реконструкция қилинади, кичик сув омборлари қурилади, энергия тежамкор технологиялар жорий этилади. Натижада сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ошиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ва экспорт имкониятлари кенгаяди.

Шунингдек, Мирзиёева тумандаги тиббиёт муассасалари аҳволини кўздан кечирди.

"Ургутнинг чекка қишлоқларидан биридаги “Навоий” поликлиникасида бўлдим. 1972 йилда қурилган бино капитал таъмирга, янги стандартлар ва тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтож. Муассаса 13 мингдан ортиқ аҳоли учун бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади. 16 та қишлоқда яшовчи аҳоли учун эса бу туғруқни қабул қиладиган энг яқин ва ягона тиббиёт маскани. Юклама ниҳоятда катта, шароит эса изоҳ талаб қилмайди. Зах хоналарнинг кулранг ойналарига урилаётган ёмғир томчилари ҳам вазиятни акс эттиряпти.

Бу ҳолат битта поликлиниканинг муаммоси эмас. Бу — бирламчи тиббий хизмат тизимида мавжуд бўлган катта муаммоларнинг акси. Олдимизда диагностика ва даволаш стандартларини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш вазифалари турибди. Мутахассислар билан биргаликда вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича янги мастер-режани батафсил кўриб чиқдик.

Бу жараён фақат биноларни таъмирлаш билангина чекланмайди, балки бирламчи тиббий-санитария тизимига бўлган ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилади. Бугун кўрганларим шуни яна бир бор исботлади: соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмайди", деди Президент администрацияси раҳбари.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid