Тошкент шаҳри аҳолиси 2030 йилда 3,5 миллиондан ошиши кутилади
Президент шаҳар аҳолисини ташвишга солаётган экология, юқори даромадли иш ўринлари яратиш ва сифатли бошқарув масаласида шаҳар масъуллари ёндашувини ўзгартириши зарурлиги қайд этди.

Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 мингдан кўпайиб, 2030 йилда 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Шунингдек, ялпи ҳудудий маҳсулотни 52 миллиард долларга етказиш, жон бошига даромадни қарийб 2 карра ошириб, 15 минг долларга етказиш режа қилинган.
Ушбу марраларга эришиш учун шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 12 та туман ҳокими тинимсиз изланиши, шаҳар уй-жой фонди, транспорт, энергетика, таълим ва тиббиёт, сервис инфратузилмаларини дунёнинг замонавий мегаполислари андозаси асосида қайта кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, шундай мегаполисларда раҳбар бўлган мутахассисларни ҳокимга маслаҳатчи қилиб олиб келиш бўйича таклиф маъқулланди.
Уларнинг кўп йиллик тажрибасидан фойдаланиб, Тошкент шаҳрини молия, илғор технологиялар, маданият ва туризм марказига айлантириш кераклиги қайд этилди.
Шу билан бирга, пойтахтимизда ҳали ечимини кутаётган масалалар кўплиги қайд этилди.
“Энг аввало, шаҳар аҳолисини ташвишга солаётган экология, юқори даромадли иш ўринлари яратиш ва сифатли бошқарув масаласида шаҳар масъуллари ёндашувини ўзгартириши зарур”, – деди Президентимиз.
Мисол учун, Юнусободда беш йилда 500 минг квадрат метр йирик савдо комплекслари барпо этилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш ҳажми жорий йилнинг ўзида 76 триллион сўмга етди. Шайхонтоҳур, Чилонзор, Мирзо Улуғбек туманларида ҳам катта ўзгаришлар бор.
Лекин Яшнободдаги “Технопарк”да юқори даромадли иш ўринларини яратиш учун ҳали катта салоҳият борлиги таъкидланди. Янгиҳаётдаги “Тошкент индекс” лойиҳасида эса қурилган 6,5 мингта савдо объектининг ярмидан кўпи бўш тургани қайд этилди.
Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимларига тадбиркорларга шароит яратиб берса, биргина шу лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш орқали яна камида 10 мингта иш ўрни ташкил қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Тошкент шаҳрида яширин иқтисодиёт улуши 9,5 фоизни ташкил қилаётгани, мутасаддилар уни қисқартириш билан тизимли шуғулланиши шартлиги таъкидланди.