platina.uz
Жамият

Рақобат қўмитаси "Ajr Qora Sedana"ни жаримага тортди

Ушбу биологик фаол қўшимча машҳур шахслар томонидан реклама қилиниб, маҳсулотнинг даволаш хусусиятига ишонтиришга уринишлар кузатилган. 

Рақобат қўмитаси "Ajr Qora Sedana"ни жаримага тортди

Ижтимоий тармоқларда “AJR QORA-SEDANA” биологик фаол қўшимчасининг реклама қилинган видеолари ва постларида маҳсулотнинг турли касалликларга қарши кенг таъсир доирасига эга эканлиги ҳақидаги асосланмаган даъволар тарқатилгани аниқланди.

Хусусан, маҳсулот ошқозон касалликларини даволаши, қандли диабет, инсульт ва инфаркт хавфини камайтириши, нафас йўллари касалликлари, йўтал ва шамоллашга қарши самарали эканлиги тарғиб қилинган, шунингдек, баъзи машҳур шахслар (Сардор Раҳимхон, Равшан Комилов, Жаҳонгир Хўжаев, Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўткир Шодмонов, Акмал Мирзо, Шоҳжаҳон Эргашев, Азиз Эстет, Рихситилла Абдуллаев, Миролим Қиличев, Али Отажонов, Шаҳзод Султонов ва шу каби таниқли шахслар) томонидан уни реклама қилиш орқали аҳолини маҳсулотнинг даволаш хусусиятига ишонтиришга уринишлар кузатилган.

Рақобат қўмитаси сўровига асосан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан берилган хулосада маҳсулотнинг қўллаш йўриқномасидаги маълумотлар ижтимоий тармоқлардаги реклама хабарида кўрсатилган хусусиятлар билан мос келмаслиги қайд этилди.

Маълумот учун: Биологик фаол қўшимчалар(БАД) инсон организмининг физиологик ҳолати барқарор бўлмаган ҳолларда унинг функционал фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган бўлиб, улар даволаш хусусиятига эга эмас.

“Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, БФҚ рекламалари:

-дoри воситаси ёки даволаш хусусиятига эга маҳсулот сифатида талқин қилинмаслиги;

- улардан фойдаланган шахсларнинг даволанганлиги ёки аҳволи яхшиланганлиги ҳақидаги мисолларни ўз ичига олмаслиги;

-фойдаланувчиларнинг миннатдорлик билдирувларини акс эттирмаслиги;

- соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;

- тадқиқотлар ва давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги маълумотлардан дoри воситасига нисбатан афзаллик сифатида фойдаланмаслиги;

- болалар тасвиридан фойдаланмаслиги шарт.

Шунингдек, БФҚ рекламалари доимо “маҳсулот дoри воситаси эмас” деган огоҳлантирувчи матн билан берилиши ҳамда БФҚ бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказилиши тақиқланиши белгиланган.

Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “SANNO TM OCEAN” МЧЖга (AJR QORA-SEDANA) нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди ва қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid