Голливуд афсонаси Роб Райнер ва рафиқаси уйидан ўлик ҳолда топилди
Ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манбаларга кўра, марҳумларнинг танасида пичоқ билан етказилган жароҳатлар бўлиши мумкин ва воқеа юзасидан қотиллик эҳтимоли билан тергов бошланган.

Голливуд афсонаси Роб Райнер ва рафиқаси Лос-Анжелесдаги уйида ўлик ҳолда топилди.
Машҳур америкалик режиссёр ва актёр Роб Райнер ҳамда унинг рафиқаси Мишел Райнер якшанба куни Лос-Анжелесдаги уйларида ўлик ҳолда топилди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манбаларга кўра, марҳумларнинг танасида пичоқ билан етказилган жароҳатлар бўлиши мумкин ва воқеа юзасидан қотиллик эҳтимоли билан тергов олиб борилмоқда.
Терговдан хабардор ҳуқуқ-тартибот идораси вакилининг маълум қилишича, режиссёр ва актёр Роб Райнер ҳамда унинг рафиқаси Мишел якшанба куни Рейнерга тегишли Лос-Анжелесдаги уйда ўлик ҳолда топилган.
Расмийлардан бири тергов тафсилотларини оммага ошкор эта олмаслигини айтиб, анонимлик шарти билан изоҳ берган.
Унинг сўзларига кўра, терговчилар уларнинг танасида пичоқ билан етказилган жароҳатлар бўлганига ишонмоқда ва оила аъзоларидан бири сўроқ қилинмоқда.
Лос-Анжелес ёнғин хизмати маълумотига кўра, улар соат 15:30 дан кейин тиббий ёрдам чақируви асосида воқеа жойига етиб борган ва уй ичида 78 ёшли эркак ҳамда 68 ёшли аёлнинг вафот этганини аниқлаган. Роб Райнер март ойида 78 ёшга тўлган эди.
Роб Райнер узоқ йиллар Голливуднинг энг сермаҳсул режиссёрларидан бири бўлиб келган. У 1980–1990 йилларнинг энг машҳур фильмларидан саналган “Бир неча қаҳрамон ”, “Ҳарри Саллини учратганда” ва “Қиролича келин” каби картиналарни яратган.
Унинг 1970-йилларда суратга олинган “Оиладаги ҳамма” сериалидаги Митҳед роли Райнерни машҳурликка олиб чиқди ва унга икки маротаба “Эмми” мукофотини келтирди.
Жорий йил бошида Сет Роген билан бўлган интервьюсида Роб Райнер ўз фаолиятидаги барча ютуқлар аслида битта асосий қоидага бориб тақалишини айтганди.
“Мен бутун фаолиятим давомида фақат битта саволни бериб келганман: "Бу иш менинг кимлигимнинг, ички дунёйимни кўрсата оладими? "Мен билан бўл" фильми муваффақиятли бўладими ёки йўқми — буни билмасдим. Лекин мен шуни билардимки, бу фильм менга ёқади, чунки ундаги туйғулар менга жуда таниш”, деган эди машҳур режиссёр.
2023 йилда вафот этган афсонавий продюсер Норман Лирнинг қариндошлари ҳам бу хабардан чуқур қайғуга тушганини билдирди.
“Норман Робни кўпинча ўғлим деб атарди ва уларнинг яқин муносабатлари биз ва бутун дунё учун ўзгача эди”, дейилади Лир оиласи баёнотида.
Лос-Анжелес мэри Карен Басс Райнернинг ўлимини шаҳар учун катта йўқотиш деб атади.
“Роб Райнернинг Америка маданияти ва жамияти учун ҳиссаси чексиз. У ижодий фаолияти ва ижтимоий ҳамда иқтисодий адолат йўлидаги кураши орқали кўплаб инсонларнинг ҳаётини яхшилади”, дейилади мернинг баёнотида. “Машҳур актёр, режиссёр, продюсер, ёзувчи ва фаол сиёсий фаоллик эгаси сифатида у доимо ўз истеъдодини бошқаларга ёрдам беришга йўналтирди”.
Машҳур комедия устаси Карл Райнернинг ўғли бўлган Роб Райнер 1989 йилдан бери фотограф Мишел Сингер Райнер билан турмуш қурган эди. Улар “Ҳарри Саллини учратганда” фильми устида ишлаш жараёнида танишиб, уч фарзандни вояга етказган.
Брентвуд маҳалласида қотилликлар кам учрайди. Воқеа жойи 1994 йилда О.Ж. Симпсоннинг рафиқаси Никол Браун Симпсон ва унинг дўсти Рон Голдман ўлдирилган уйга тахминан бир ярим километр масофада жойлашган.