ДХХ икки нафар солиқ бош инспекторини қўлга олди
Улар тадбиркордан корхонаси кам миқдорда солиқ тўлаётганини айтиб, пул талаб қилишган.

Тадбиркорларга кўз олайтирган амалдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳар Олмазор тумани Солиқ инспекциясининг икки нафар бош инспектори эшик ва ромлар ишлаб чиқарувчи оилавий корхонада текширув ўтказиб, гўёки корхона ҳар ойда кам миқдорда солиқ тўлаб келаётганлигини важ қилган. Сўнгра тўланмаган солиқлар учун жарима қўлламаслик эвазига 10 млн сўм талаб қилишади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда солиқчилар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ қўшни давлатдан контрабанда қилинган наркотикнинг йирик партияси ушланганди.
Наркосавдогарлар салкам 3 кг ҳажмдаги гиёҳвандлик воситасини Тошкент шаҳрида сотмоқчи бўлишган.