platina.uz
Иқтисод

“Humans иши”: Humans ва Paylov бир-бирини айблаб чиқди

Айни пайтда Марказий банк мазкур ҳолат бўйича ўрганиш олиб боряпти.

“Humans иши”: Humans ва Paylov бир-бирини айблаб чиқди

“Humans иши” бўйича Humans ва Paylov фирмалари бир-бирини айблаб чиқди. Humans даъвосига кўра, Paylov иловасидан рухсатсиз пул ечилганида унинг таъсисчиси Octogram АЖ айбдор.

Шундан сўнг Octogram АЖ Humans’нинг айбловига жавоб қайтарди ва рухсатсиз пул ечиш Humans томонидаги калитлар орқали содир бўлгани маълум қилинди. Ҳолатни Марказий банк ўрганиб чиқяпти.

“2025 йил 4–8 декабрь кунлари айрим мижозларнинг банк карталаридан рухсатсиз пул ечилган. Бу ҳолат Humans эмас, балки ҳамкор тўлов сервис Paylov инфратузилмасида аниқланган техник заифлик туфайли содир бўлгани қайд этилди. Paylov’нинг ҳуқуқий эгаси — OCTAGRAM АЖ ҳисобланади.

Humans барча техник маълумотларни регулятор ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширган. Тергов натижаларига кўра айбдорлар аниқланиши ва жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда.

Компания жабрланувчиларга учун ўз позициясини очиқ билдирди: мижозларга етказилган зарар қонунчиликка мувофиқ тўлиқ қопланади.

Шунингдек, Humans таъкидлашича, фрод амалиётлари:

  • Humans иловасида эмас;
  • мижоз иштирокисиз;
  • OTP-код киритиш талаб қилинмасдан;
  • Paylov API орқали амалга оширилган.

Биринчи ҳужумдан сўнг сервис томонидан хавфни чеклаш учун етарли чоралар кўрилмагани айтилмоқда. Бу эса иккинчи ҳужумга сабаб бўлган. Маълум қилинганидек, фрод транзакциялар нафақат Humans фойдаланувчилари, балки бошқа тўлов ташкилотлари карталарига ҳам тааллуқли бўлган.

Шу боис Humans иловасида Paylov орқали амалга ошириладиган P2P-пул ўтказмалари вақтинча тўхтатилди.Қолган барча Humans хизматлари — одатий тартибда ишламоқда”, деб ёзди Humans компанияси.

Шундан сўнг Octogram АЖ (Paylov) Humans’нинг айбловига жавоб қайтарди ва рухсатсиз пул ечиш Humans томонидаги калитлар орқали содир бўлгани маълум қилинди.

“Octogram АЖ ва Humans Companies АЖ ўртасида 2025 йил 10 апрель куни 32-сонли шартнома имзоланган бўлиб, унга мувофиқ Humans Companies АЖ Octogram АЖнинг агенти сифатида ўз мижозларига тўлов хизматларини (тўловлар ва P2P пул ўтказмалари) тақдим этишни бошлаган.

2025 йил 6 декабрь куни Octogram АЖ ходимлари томонидан Humans Companies АЖда шубҳали транзаксиялар кузатилаётгани ҳақида ушбу компаниянинг масъул ходимлари огоҳлантирилди ва транзаксиялар вақтинча тўхтатилди.

2025 йил 7 декабрда, Humans Companies АЖ Octogram АЖга расмий мурожаат йўллаб, тегишли чоралар кўрилгани ҳамда фирибгарлик (фрод) операцияларининг олди олингани ҳақида маълум қилган. Мазкур хат асосида Humans Companies АЖ амалиётларни қайта очиб беришни сўраган.

8 декабр ҳолатига кўра, Octogram АЖ томонидан Humans мобил иловаси орқали кўрсатилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.

Шу билан бирга, Octogram АЖ томонидан ҳар қандай техник заифлик мавжуд эмаслиги, техник жиҳатдан барча зарур чоралар кўрилгани маълум қилинади.

Фирибгарлик операциялари Humans Companies АЖ томонидан Octogram АЖ тақдим этган шифрланган калитлар орқали амалга оширилган бўлиб, ушбу калитларнинг тўғри ва хавфсиз сақланиши Humans Companies АЖ масъулияти ҳисобланади.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Octogram АЖнинг техник ечимларидан фойдаланаётган бошқа барча ҳамкорлар тизимларида ҳеч қандай салбий ҳолатлар кузатилмаган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланган бўлиб, Octogram АЖ барча зарур маълумотларни масъул органларга тақдим этмоқда”, дейилади Paylov хабарида.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid