Қозоғистондаги ЙТҲда 2 ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни Ватанга олиб келиш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Бугун, 7 декабр куни соат 08:57 да Қозоғистоннинг Актобе вилояти Айтекеби туманидан ўтган "Пермь-Тошкент" йўналишида ҳаракатланган “Yutong” йўловчи автобуси ён томонга ариққа ағдарилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобусда бўлган 49 нафар йўловчидан 5 нафари вафот этган, улардан 2 нафари Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишчи гуруҳ тузган ҳолда, ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни Ватанга олиб келиш ва уларнинг оила аъзоларига дафн маросимларини ўтказишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда.
Таъкидланишича, ҳозирда Фавқудодда вазиятлар вазирлигининг масъул ходимлари қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда.