Россия ахборот майдонида янги фронт очмоқда
Кремл ўз пропагандасининг географик ҳудудини кенгайтиряпти ва бу миллиард кишилик аудитория онгига таъсир ўтказиши мумкин.

Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрида Россия президенти Владимир Путин Russia Today телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян билан биргаликда RT India телеканали эфирга чиқиш маросимида иштирок этди.
Путин ушбу янги лойиҳага “оқ йўл” тилаб айтишича, Russia Today’нинг мақсади фақатгина Россия ва унинг маданиятини, ички ва халқаро масалалардаги позициясини пропаганда, яъни тарғиб қилиш эмас.
“Энг аввало, Russia Today ўз тингловчи ва томошабинларига мамлакатимиз ҳақида ва дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақида ҳаққоний маълумот етказишга интилади. Айнан шу жиҳат Russia Today’нинг мутлақ қадриётидир, шу билан у кўплаб Ғарб ахборот манбаларининг пропаганда машинасидан кескин фарқ қилади. Чунки ўша манбаларнинг аксарияти аслида ўз давлатларининг позициясини ифода этувчи воситалардир”, деган Россия етакчиси.
Холислик ҳақидаги даъвонинг ўзи холисликдан холи
Путиннинг “Russia Today “ҳаққоний ахборот етказишга интилади” ва “шу унинг мутлақ қадрияти” деган фикри бир қатор сабабларга кўра шубҳа остига олиниши мумкин.
Биринчи навбатда, RT – Россия давлати маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган медиаресурс. Бу эса каналнинг таҳририят сиёсати тўлиқ мустақил бўлишини амалда имконсиз қилади: унинг фаолиятини таъминлаб турувчи давлат манфаатлари маълум даражада контентга таъсир ўтказиши табиий. Бундай шароитда RT тўлиқ объектив ва сиёсий таъсирдан холи ахборот тарқатади, деб айтиш қийин.
Иккинчидан, халқаро медиа-мониторинг ташкилотлари ва ахборот регуляторлари (Европа регуляторлари, дезинформацияни ўрганувчи марказлар ва бошқалар) RT томонидан бирёқлама, манипулятив ёки текширилмаган маълумотлар тарқатилган ҳолатларни бир неча бор қайд этган. Қатор мамлакатларда RT фаолияти айнан шу сабаб – журналистика стандартларини бузгани ва аудиторияни чалғитадиган маълумотлар тарқатгани учун чекланган.
Учинчидан, Путиннинг Ғарб ОАВ “аслида ўз давлатларининг позициясини акс эттиради” деган даъвоси ҳам баҳсли. RTдан фарқли равишда, Ғарб мамлакатларининг асосий медиа муассасалари хусусий корпорацияларга тегишли ва бир мамлакатнинг ўзида ҳам ҳукуматни танқид қиладиган, ҳам уни қўллаб-қувватлайдиган турли таҳририятлар мавжуд. Бу мамлакатлардаги журналистика стандартлари мустақил регуляторлар, фикрлар рақобати ва жамоатчилик назоратига таянади. Яъни уларда мунозара ва можароларнинг ҳар икки томонига оид қарашлар ҳам маълум қилинади. Хулоса чиқариш эса ўқувчининг ўзига ҳавола этилади.
Шу сабабли RT “ҳаққонийлиги” билан Ғарб ахборот манбаларидан тубдан фарқ қилади, деган фикр на мулкчилик тузилиши, на контентлар тайёрлаш ва узатиш тарихи, на мустақил экспертлар таҳлиллари билан ўз тасдиғини топади.
RT – ўзини оқлаш ва сиёсий таъсир кўрсатиш машинасими?
RT – (Russia Today, инглизчадан таржимада – “Россия бугун”) – 2005 йилда ташкил этилган, кўп тилли ахборот ва ҳужжатли дастурлар тармоғига эга бўлган халқаро пропаганда телеканалидир. Бир неча тилдаги аудитория учун мўлжалланган бўлиб, RT Arabic, RT en Español, RT France, RT DE (немис тилида), RT America (2010-2022), RT UK (2014-2022), RT Documentary, RT Balkan каби лойиҳаларни ўз ичига олган.
Росссия Украинага бостириб киргач, Москва тарқатаётган ахборотларнинг нохолислиги ва бузғунчилиги инобатга олиниб, Европа Кенгашининг қарорига мувофиқ, 2022 йил 2 март куни RT телеканали Европа Иттифоқи ҳудудида эфирга чиқиши тақиқланди, унинг интернет сайти ҳам блокланди. YouTube RT каналини ўчириб қўйди, Apple эса RT иловасини ўзининг App Store дўконидан олиб ташлади.
Жиноят устига жиноят
“Россия бугун” лойиҳаси нафақат нохолис маълумотлари, балки бошқа жиноятлари билан ҳам тилга тушган.
Масалан, 2014 йил апрел ойида АҚШ ҳукумати RTTV America телекомпанияси эгаси Алексей Язловскийга солиқдан қочишда айб қўйгани маълум бўлди. Язловский шахсий ва корпоратив солиқ декларацияларида ёлғон маълумотлар кўрсатиб, 2,6 миллион доллар миқдоридаги даромадни яширишга уринган.
АҚШ россиялик тадбиркорни Россиянинг RT телеканали Америкадаги бўлимларининг амалдаги эгаси эканини аниқлади. Чунки компанияларнинг солиқ декларацияларида бир хил манзил кўрсатилган, шунингдек, RTTV’нинг Вашингтон, Ню-Йорк, Майами ва Лос-Анжелесдаги бўлимлари юридик манзил сифатида Россия давлат телеканали минтақавий бюроларининг офислари қайд этилган.
2017 йил 7 январда эса АҚШ Марказий разведка бошқармаси бир ҳисобот эълон қилди. Унда ўша йили бўлиб ўтган ва Доналд Трамп ғалаба қозонган АҚШ президентлик сайловларига “рус хакерлари таъсир кўрсатгани” иддао қилинди. Ҳисоботда RT телеканали ва Sputnik агентлиги ҳам тилга олинган бўлиб, улар “пропаганда машинаси” деб аталган.
Хусусан, RT телеканали АҚШдаги президент сайловлари арафасидаги кампания давомида Доналд Трампга очиқ ён босиш ва Ҳиллари Клинтонга нисбатан нафрат билдирганликда айбланган. Канал ходимлари Жулиан Ассанж билан ҳамкорликда WikiLeaks’да Хиллари Клинтоннинг обрўсига путур етказувчи маълумотлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги репортажлар орқали сайлов натижасига таъсир кўрсатишга урингани айтилган.
Шунингдек, канал WikiLeaks хакерлари томонидан бузиб кирилган Хиллари Клинтоннинг электрон почтасидан олинган маълумотлардан фойдаланиб, 2012 йилги президентлик сайловлари вақтида америкаликларни АҚШ сайлов тизимига бўлган ишончини издан чиқаришга уринишда айбланган.
RT America эса 2012 йилги сайловлар пайтида аксиламерика руҳидаги репортажлар сонини оширгани ва “Америка халқини ҳукуматни қайтариб олишга (яъни ҳукуматни ағдаришга)” чақирган норози шахсларнинг хабарлари ва мурожаатларини тарқатишда айбланган.
Канал шунингдек “Уолл-стритни эгалла” (Occupy Wall Street) ҳаракатини қўллаб-қувватлагани, полиция зўравонлиги, дронлардан фойдаланиш, АҚШ иқтисодий тизими ҳақидаги танқидий хабарларга катта эътибор қаратгани учун танқид қилиниши айтилган.
RT бош муҳаррири Маргарита Симонян ҳам Россия президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Алексей Громов билан алоқалари, турли интервю ва Twitter’даги чиқишлари учун танқид қилинган. Симонян ушбу чиқишларида RT’ни “муқобил ахборот манбаи” деб атаган ва канал хорижий аудитория тафаккурига “таъсир кўрсатиш мақсадида” яратилганини тўғридан-тўғри ёки билвосита тан олгани қайд этилган.
Тарихий изчиллик
Умуман олганда, Россия ҳам СССР бошлаган йўлни – ўзини мақташ ва бошқаларни танқид қилиш учун турли тилларда маълумот тарқатишни давом эттиряпти.
Хориждаги аудитория учун пропаганда маълумотларини тарқатишни дунёда биринчилардан бўлиб СССР йўлга қўйган. 1929 йил 29 октябрда хорижликлар илк бор шундай радиоканал – “Московсккое радио” (Москва радиоси) радиодастурларини тинглай бошлаган эди. “Москва радиоси” дастлаб немис тилида радиоэшиттиришлар тайёрлаб, кун ора икки марта Германияга узата бошлаган. 1930 йилдан бошлаб ҳар куни, мунтазам эфирга чиққан. Кейинчалик эса инглиз ва француз тилларида ҳам материал тайёрлаш йўлга қўйилиб, Иккинчи жаҳон уруши арафасида хорижий тиллар сони 13 тага, уруш пайтида эса 21 тага етказилган.
Номад ТВ: Қирғизистонда очилган янги телеканал ортида қандай ахборот стратегияси ётибди?
1947 йилдан бошлаб, СССР хорижий давлатларнинг совет халқлари “кўзини очиш” учун дастурлар эшиттирувчи “Озод Европа”, “BBC” ҳамда “Америка овози” радиодастурларини эшитишга йўл қўймаслик учун, радиоэфирга халақит берувчи “шовқин” услубини йўлга қўйди. Яъни бу дастурлар бошланганида кучли ва асабга тегувчи узлуксиз шовқин эшитилиб турарди. (Интернет пайдо бўлгач, бунинг осон йўли топилди – автократия учун номақбул маълумот манбалари шунчаки блоклаб қўйилди).
1993 йилда Россиянинг биринчи президенти Борис Елцин фармони билан “Москва халқаро радиоси” асосида “Россия овози” (Голос России) радиокомпанияси ташкил этилди. 2014 йилда эса “эстафетани” «Россия бугун» (Россия сегодня) медиагуруҳи таркибига кирувчи Sputnik лойиҳаси қабул қилиб олди.
Табиийки, вақт ўтгани сари хорижга эшиттиришлар концепцияси ҳам ўзгариб борди. Аввал фақат Москвадан эфирга чиқишган бўлса, эндиликда аксарият материаллар хориждаги нуқталарда тайёрланмоқда. Технологиялар ривожлангач, ўрта ва қисқа тўлқинлар ўрнига рақамли формат ва интернетдаги фаолият йўлга қўйилди.
RT India – навбатдаги афюнми?
RT India инглиз тилида эфирга чиқади, бу эса нафақат Ҳиндистон ичида, балки ундан ташқаридаги аудиторияга ҳам йўл очади. Яъни Россия глобал англашув муҳитида ўз овозини янада кучайтиради.
Ню-Деҳлидаги студия мажмуаси, қарийб 100 ходим ва кунлик дастурлар – бу ташаббус оддий тарғибот эмас, балки тўлақонли телеканал эканини кўрсатади. Ғарб давлатлари RT ва унга оид ресурсларга чекловлар қўйган ҳолда, Ҳиндистон Россия учун янги, муҳим ахборот майдонига айланмоқда.
Аслида Кремл ўз пропагандасининг географик ҳудудини кенгайтираяпти ва бу миллиард кишилик аудитория онгига таъсир ўтказиши мумкин.
Россия нарративлари – энди Ҳиндистон экранларида
Очилиш маросимида Путин RT India Ҳиндистон аҳолисига “Россия қандай яшайди ва қандай фикрлайди?” деган масалаларда “аниқ ахборот” тақдим этишини таъкидлади. У канални Россиянинг халқаро ахборот майдонидаги “мегафони” сифатида кўрсатди.
RT бош муҳаррири Маргарита Симонян Ҳиндистонни “Россияга дўстона, очиқ мамлакат” сифатида таърифлаб, уни Ғарбдан фарқли равишда RT’ни цензурасиз қабул қилгани учун мақтади.
Эътиборли жиҳати, ушбу каналнинг Путин ташрифи арафасида ишга туширилиши – бу оддий тасодиф эмас, балки сиёсий рамз ҳисобланади.
Ҳиндистон нима ютади ва нима йўқотиши мумкин?
RT India’нинг Россия учун афзалликлари кундек равшан: аввало ахборот фронтида янги нуқта пайдо бўлади. Ҳамда миллионлаб ҳиндистонликларни Россия ҳақидаги Кремл талқинларини қабул қилувчи аудиторияга айлантириш имконияти пайдо бўлади. Ғарб медиа бозорларидаги чеклов ва санкциялардан кейин янги таъсир майдони шаклланади.
Ҳиндистон учун эса бу бир томондан: ахборот хилма-хиллиги, геополитик нуқтаи назарларнинг кенгайиши билан ифодаланса, иккинчи томондан: хорижий давлатнинг ички ахборот муҳитига таъсири ортиш хавфи ҳам пайдо бўлади.
Чунки давлатга қарашли бир медиатузилмани мамлакат ичига киритиш – унинг аудиторияси онгига таъсир ўтказиш имконини ҳам беради. Ҳиндистон каби улкан демократияда бу жуда нозик масала. Зеро, юқорида таъкидланганидек, RT кўплаб мамлакатларда дезинформация воситаси сифатида танқид қилиб келинади.
RT India – Россиянинг “юмшоқ куч” стратегиясидаги янги босқич
Каналнинг айнан бугунги даврда очилиши тасодифий эмас. Дунёда катта геосиёсий ўзгаришлар кетмоқда: санкциялар, блокадалар, иттифоқлар қайта шаклланмоқда. Россия Ғарбда ахборот майдонидан сиқиб чиқарилган бўлса-да, аммо Шарқда янги бозорни забт этмоқда.
RT India шу маънода Ғарбга қарши “муқобил нарратив”ни кенг аудиторияга етказиш; “Кўпқутбли дунё”, “Ғарбни танқид қилиш”, “Москва нуқтаи назарини оқлаш” каби ғояларни илгари суриш; Ҳиндистон ва унинг ортидан Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари билан ахборот-сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш воситасига айланади.
Бу – Кремлнинг медиа стратегиясидаги янги эволюция намунаси ҳамдир. Чунки Европа аудиториясидан мамнун бўла олмаган Москва энди глобал Жанубга юзланмоқда.
Умуман олганда, Ғарбдаги аудиторияга таъсири камайган Россия энди Осиёда ўзига хайрихоҳ аудиторияни шакллантиришга уриняпти. 2025 йил ноябр ойида Қирғизистонда “Nomad TV” телеканали ишга туширилиши ҳам бу фикр исботидир. Мазкур телеканал ҳам бошқа лойиҳаларга ёрдамчи бўлган ҳолда, Кремлнинг Марказий Осиё ахборот майдонига, қарийб 80 миллион кишилик аудиторияга таъсир кўрсатиш, ижтимоий фикрни Москвага мойил тарзда ўзгартириш учун яратилгани эҳтимолдан холи эмас.
Хулоса қилиб айтганда, RT India лойиҳаси яна бир бор шуни кўрсатмоқда: XXI асрда геосиёсий рақобат танк ёки нефт билан эмас, биринчи навбатда ахборот билан юритилади.
Бу пайтда эса ҳар бир канал – ҳар бир давлатнинг геосиёсий қуролига айланади. RT India ҳам ана шундай қуроллардан бири бўлиши шубҳасиз.
Абулфайз Сайидасқаров