Хитой ТИВ: "Япония бош вазири чегарадан чиқди"
Бош вазир Хитой томонидан Тайванга ҳужум бўлса, Япония чора кўриши мумкинлигини айтган. Бу баёнот Пекин томонидан кескин қабул қилинди.

Хитой Ташқи ишлар вазирига кўра, "Япония Тайванга ҳарбий аралашув ҳақидаги баёнотлари билан чегарадан чиққан”.
Хитой Япония Бош вазири томонидан Тайван ҳақида билдирилган фикрни ички ишларга аралашув ва беҳурматлик сифатида қабул қилди.
ХХР Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотда вазир Ван И шундай деди:
"Ўтган ой Япония Бош вазири Санае Такаичи томонидан айтилган, Хитойнинг Тайванни денгиздан сиқувга олиши ёки бошқа ҳарбий ҳаракати Япониянинг ҳарбий жавоби учун асос бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гаплари мени хайрон қолдирди”.
“Япониянинг ҳозирги раҳбарлари Тайван масаласига ҳарбий йўл билан аралашиши, айтилмаслиги керак бўлган гапларни айтгани ва "қизил чизиқни" босиб ўтгани мени жуда ҳайратланарли", деди Ван И.
Ван яна шуни қўшимча қилдики, Хитой Япониянинг ҳаракатларига қатъий жавоб бериши керак ва барча давлатлар япон милитаризмининг қайта тикланишининг олдини олиш учун масъулдир.
Такаичининг баёнотлари сўнгги ҳафталарда икки давлат ўртасида кескинликнинг ортишига олиб келди. Пекин БМТ Бош котиби Антонио Гутерришга мактуб юбориб, Такаичининг “халқаро ҳуқуқ ва дипломатик меъёрларни жиддий бузганини” танқид қилди.
“Агар Япония ороли бўйича вазиятга ҳарбий аралашувга уринса, бу тажовуз акти бўлади", деб ёзди Хитойнинг БМТдаги элчиси Фу Цонг мактубда.
“Хитой БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ асосида ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қатъий равишда амалга оширади ва ўз суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилади", дея қўшимча қилди у.
Пекин ўзини-ўзи бошқараётган Тайванни (илгари Япониянинг мустамлакаси бўлган) Хитойнинг ажралмас қисми деб ҳисоблайди ва керак бўлса куч билан қўшиб олишга тайёр. Хитой бошқа давлатларнинг, айниқса АҚШ ва унинг Осиёдаги иттифоқчилари — Япония ва Филиппинларнинг Тайванга аралашувига қарши чиқади, чунки АҚШ оролнинг асосий қурол етказиб берувчисидир.
Япония Бош вазири кейинчалик ўз баёнотларига қарши чиқишдан бош тортди, бироқ келажакда аниқ сценарийлар ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилишини айтди.