Тошкентда ариқлар тизимини қайта тиклаш ишлари бошланади
Бу тизим кўп йиллар давомида шаҳарнинг сув тақсимотини таъминлаб, қулай микроиқлим яратиб келган.

Тошкентда анъанавий суғориш каналлари тармоғи - ариқлар тизимини қайта тиклаш ишлари бошланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Бу тизим кўп йиллар давомида шаҳарнинг сув тақсимотини таъминлаб, қулай микроиқлим яратиб келган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси билан ҳамкорликда ариқларни босқичма-босқич тиклаш ва замонавийлаштириш режасини ишлаб чиқмоқда.
Лойиҳа доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
• мавжуд ўзанларни тозалаш ва таъмирлаш;
• шикастланган қисмларни тиклаш;
• атрофдаги ҳудудларда тартиб ўрнатиш;
• келажакда мунтазам фойдаланиш учун шароит яратиш.
Ишнинг асосий мақсади — вақт синовидан ўтган усулларга таяниб, сув чиқариш ва суғориш самарадорлигини ошириш, чангланишни камайтириш ҳамда шаҳар атроф-муҳитининг экологик ҳолатини яхшилашдан иборат.
2026 йил баҳорида бошланиши мўлжалланган ушбу лойиҳа пойтахт инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишларнинг бир қисми бўлади.