platina.uz
Мақола

Усти ялтироқ, ичи қалтироқ ИИВ

Ҳамма жойи чириб кетган уйни бузиб ташлаб, янги материаллар асосида қайтадан қурган яхшироқ. Афсуски, бизда чириб, тўкилиб тушаётган бинонинг фақат фасад қисмини ялтиратиб, “мана шу ислоҳотлар” деган гапга ишонтиришга уринишмоқда.

Усти ялтироқ, ичи қалтироқ ИИВ
Фотоколлаж: Platina.uz

Охирги пайтларда ички ишлар идоралари (ИИИ) тизими фаолияти энг кўп қонунни бузаётган тизим деган тасаввур уйғонмоқда. Бу тизимдаги айрим ходимларнинг порахўрлиги, инсон ҳуқуқларини бузиши, ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши, вазифаларини тўла адо этмаслиги фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Фарғона вилояти Фурқат тумани ИИБ бошлиғининг ўз шахсий манфаати йўлида унга берилган ваколатларни суиистеъмол қилгани, Гулираъно Қосимовага туҳмат ва унинг шаъни ИИИ ходимлари томонидан ерга урилгани воқеаси фикримиз исботидир.

ИИИ ходимлари нафақат “анъанавий” порахўрлик, товламачилик, қийноқлар ва қўполликлари, туҳматлари, терговда одам ўлдириши билан, балки энди наркотиклар савдосига аралашуви билан ҳам тилга тушмоқда. Қонунни ҳимоя қилиши керак бўлган ходимларнинг ўзлари қонунни бузмоқда. Фуқароларни ҳиомя қилиш ўрнига уларни ҳақорат қилмоқда, қийноқларга солмоқда, ўлдирмоқда.

Энг даҳшатлиси, ИИИ – бу давлатнинг жойлардаги вакиллари, давлат топшириқларини бажаради. Демакки, халқ бу тизимдан норози бўлиши давлат сиёсатидан норози бўлишига олиб келмоқда. Ундан-да ачинарлиси, шунча танқидлардан кейин ҳам тизимда ўзгаришлар сезилмаяпти.

Хўш, нега бундай? ИИИ тизимининг бу қадар абгор аҳволга келиши сабаблари нимада? Вазиятни ўнглашнинг имкони борми?

Ислоҳотлар самара бермадими?

Ички ишлар вазирлигида бир неча бор ислоҳотлар ўтказилган: профилактика кучайтирилди, рақамлаштириш йўлга қўйилди, тузилма қайта кўриб чиқилди, инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир механизмлар кучайтирилди ва ҳоказо.

Шунга қарамай, тизимда сақланиб қолган қатор муаммолар ҳануз ички ишлар органларининг самарадорлигига таъсир этмоқда. Уларнинг айримлари – тарихий мерос, бошқалари – ресурслар етишмаслиги билан боғлиқ.

1. Тизимдаги инерция ва “постсоветча” бошқарув маданияти

Энг асосий муаммо – бюрократик анъаналарнинг чуқур илдизлашганидир. Ислоҳотларга қарамай, ИИВнинг пастки ва ўрта бўғинларида ҳамон “қоғоздаги ҳисобот”га қараб иш юритиш, топшириқларни формал бажариш, вазир буйруқларини қонундан устун деб қабул қилиш, шахсий масъулиятдан қочиш, қаттиқ вертикал бошқарув тизими каби одатлар сақланиб қолгани ҳақида кўп бор ёзилган.

2. Кадрлар салоҳиятининг етарли эмаслиги ва профессионаллик муаммолари

Талаблар кучайтирилганига қарамай, ИИВ кадрлар билан боғлиқ қатор муаммоларга дуч келмоқда. Терговчилар ва профилактика инспекторларининг малакаси етарли эмас. Криминалистика, психология, музокара ва медиация бўйича тайёргарлик паст. Рақамли хавфсизлик ва замонавий кибержиноятларга қарши кураш кўникмалари заиф.

Сўнгги пайтларда ижитомий тармоқларда тарқалган видеоларга эътибор қаратсак, ИИИ ходимлари ўта паст жисмоний ва профессионал тайёргарликни намойиш этишади. Ҳуқуқбузарлардан калтак еган, пичоқланган, лекин дуруст қаршилик кўрсата олишга қурби ва малакаси етмаган ҳолатлар жуда кўп. Кўпинча фуқароларнинг ўзлари жиноятчини ушлаб беришяпти. Масалан, яқинда Юнусобод бозорида рўй берган ҳолатда бир ҳуқуқбузар пичоқ билан ҳамла қилган. Ачинарли манзара: ҳуқуқбузарни ушлаш учун келган ходим бўйнидан пичоқ билан яраланиб, ерда ағанаб ётибди, ҳуқуқбузарни эса оддий автобус ҳайдовчиси қўлини қайириб ушлаб беряпти...


Президент фармони ижроси таъминланмаяпти


Яна бир видеога кўра, икки фуқаро жанжаллашаётгани учун қўшнилар 102 га қўнғироқ қилишган. Етиб келган ходим уларни тинчлантириш ва зарур бўлса, чора кўриш ўрнига, жанжалкаш фуқаро томонидан шармандаларча калтакланган. Хайриятки, бошқа ўткинчи оддий фуқаролар ходимни ҳимоя қилиб, калтакдан қутқариб қолишган. Ходим фуқароларни ҳимоя қилиши керак эди аслида!

Нега ИИИ ходимларининг кучи зўравонларга етмайди? Нега қонунга риоя этувчи фуқароларга қўпол ва шафқатсиз муомала қилган “полвонлар” ҳақиқий жиноятчига элементар қаршилик кўрсата олмайди? ИИИ ходимлари нимага керак унда? Фақат бюджетдан – халқ пулидан маош олиб туриши учунми?

Қолаверса, фуқароларни қийноққа солаётган ва ўлдираётган ИИИ ходимларининг кўп учрашига қараганда, тизимда руҳий ноқис, садист ва писохопатлар ҳам талайгина. Бунинг олдини олиш учун ишга қабул қилишда психологик текширувларни кучайтириш, таниш-билишчиликка барҳам бериш лозим. Шунингдек, ходимларни камида ҳар 2 йилда психиатир ва психолог кўригидан ўтказиб туриш керак. Чунки соғлом одам ишга олинса ҳам, ишдаги стресс унинг руҳиятига салбий таъсир қилган бўлиши мумкин.

3. Ходимларнинг ижтимоий таъминоти

Нега ривожланган демократик давлатлардаги полиция ходими қонунни бузишдан қўрқади? Чунки у ишини йўқотишдан, яъники, яхши маош, ижтимоий имтиёзлар, тиббий хизмат учун суғурта каби кўплаб фойдали “бонус”лардан айрилиб қолишдан қўрқади. Қанча кўп ишласа, бу бонуслар шунча кўпайиб бораверади. Яъни унинг йўқотадиган нарсаси бор!

Бизда эса ИИИ ходимининг 4-5 миллион сўмлик ойлик маошидан бошқа йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Бирор жойга қоровул бўлиб ишга кирса ҳам, бозорда аравакашлик қилса ҳам, шу пулни олади. Қайтанга жавобгарлиги камроқ бўлади. Бошлиқдан ҳақорат сўзларини эшитиб, ғурури топталмайди.


Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғига очиқ хат!


Бизда оддий ходимнинг хизмат қилиш йилларининг ортиб бориши ҳам аҳамиятли эмас. Хизматни тугатиб, нафақага чиққанида уни бошқа хизмат ходимлари каби шахсий уй, яшаш учун етарли яхши пенсия, имтиёзли кредитлар ва бошқа бонуслар кутиб турмайди. Пенсияга чиққан ходим дарров бирор жойга, ҳеч бўлмаса, хусусий қўриқлаш корхонасига ўтишга уринади. Қолаверса, 30-40 ёшда пенсияга чиққандан кейин янги ҳаёт учун курашишга мажбур бўлади.

Бундан ташқари, маошнинг ва бошқа рағбатларнинг камлиги туфайли юқори малакали мутахассислар тизимга ишга ўтишга қизиқиш билдирмайди. Бу ҳам ислоҳотларнинг самараси кам бўлишига олиб келмоқда.

4. Рақамлаштиришдаги муаммолар ва технологик қолоқлик

ИИВ рақамлаштиришни жадал ривожлантирар экан, қатор жиддий муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Мисол учун, ИИВ, прокуратура ва судлар ўртасида маълумот базалари етарли интеграция қилинмаган. Ходимларнинг бир қисмида техник саводхонлик паст, ҳудудларда ускуналар эски, жиноятчилик таҳлили учун ягона аналитик платформа етарли эмас.

Шу боис, рақамлаштириш баъзан фақат “хўжакўрсинга” амалга оширилгандек тасаввур уйғотади – расман мавжуд, аммо амалда тўлиқ самара бермайди.

5. Коррупция хавфи ва “норасмий тадбирлар”

Коррупция оммавий эмас, лекин қатор соҳаларда ҳануз бор. Маиший низоларни ҳал қилиш учун пора бериш, маъмурий ишларни кўриб чиқишда хуфёна келишувлар, ЙҲХБ (ГАИ) соҳасидаги метин коррупция, кадрларни юқори лавозимга ўтказишда ноқонуний ҳимоя ва таниш-билишчилик, фуқаролар, хусусан, тадбиркорлардан ноқонуний пул талаб қилиш, шантаж орқали пул олиш каби муаммолар кузатилади. ИИИ тизимида ички назорат кучайган бўлса-да, йиллар давомида шаклланган амалиётларни бутунлай йўқотиш қийин бўлмоқда.

6. Жамоатчилик билан муносабат ва ишонч муаммоси

Очиқлик сиёсатига қарамай, аҳолининг ИИВга ишончи ҳамон юқори эмас. Демократик давлатларга фуқаро муаммога учраса, полициячини қидириб қолади. Чунки унга ишонади, муаммосини ҳал қилишини билади. Бизда эса ундай эмас.

Бунга “жиноий тарихий хотира”, яъни ўтмишдаги қонунбузарликлар хотираси халақит беряпти. Чунки бу хотирани “асраб-авайлаб, келажак авлод ходимларга” етказувчи ходимлар ҳамон мавжуд. Улар нафақага чиқишига қадар бу салбий одатлари, салбий тажриба ва “сабоқ”ларини ёш ходимларга сингдиришга улгуради. Шу тариқа коррупцион “уста-шогирд” анъанаси сақланиб қолади.

Шунингдек, профилактика инспекторлари ва фуқаролар ўртасида мулоқот етишмаслиги, стресс вазиятларда ходимларнинг мулоқот маданияти пастлиги, муаммоли вазиятларни ҳал этишда психологик тайёргарликнинг етарли эмаслиги ҳам долзарб.

Натижада аҳоли полицияни халққа хизмат қилувчи ташкилот эмас, балки жазоловчи тузилма сифатида қабул қилади ҳамон.

7. Жойларда ресурслар етишмаслиги ва ортиқча юклама

Ҳудудлар ва маҳалла даражасидаги инспекторларда ҳам муаммо бир талай.

Юкламани кўтара олмайдиган даражадаги иш ҳажми, транспорт, дрон, камера, техниканинг етарли эмаслиги, бинолар ва инфратузилманинг эскиргани, ходимлар учун психологик ёрдамнинг етишмаслиги шулар жумласидандир. Буям етмагандек, жойлардаги арзиган-арзимаган ишларга ҳам, ҳатто фермернинг ерни ўғитлаш жараёнига ҳам ИИИ ходимлари жалб этилади. Бу эса профилактика тизимининг натижадорлигини пасайтиради.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, профилактика ва чора кўриш борасида раҳбарият томонидан аввалдан режа қўйиш ва талаб қилиш амалиёти ҳам ИИИ ходимларининг барча фуқароларга жиноятчи сифтида қарши ва туҳмат қилишга уринишига сабаб бўлади. “Бугун 10 та баённома расмийлаштиришинг шарт” дейилганидан кейин ходим тирноқ остидан кир қидиришга, айрим ҳолларда эса туҳмат қилишга мажбур бўлса керак.

8. Тергов ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммолар

Ҳуқуқий ислоҳотларга қарамай, бир қатор масалалар сақланиб турибди.

Хусусан, “ишларни очиш кўрсаткичи”ни бажариш босими, далиллар билан ишлашда қуруқ расмиятчилик, барча терговлар учун аудио-видео ёзувни мажбурий қўллашнинг тўлиқ йўлга қўйилмагани, айрим ҳолларда қўпол муомалага оид шикоятлар ҳамон учрамоқда.

Қўпол муомала ҳам ИИИ ходимларининг кибрланиб кетишидан ташқари, раҳбар ходимларнинг қўполлиги билан боғлиқ. Балиқ бошидан сасийди, деганларидек, эрталабки “развод”да бошлиқдан бир дунё ҳақорат, сўкиш ва дағдағаларни эшитиб олган ходим кўчага чиқиб, оддий фуқарога самимий табассум билан қараб, “ассалому алайкум, менга нима хизмат, ҳурматли фуқаро”, дея олмаслиги табиий.

Нима қилмоқ керак: хориж тажрибаси

Бизда, одатда аҳолини жаримага тортиш, ҳуқуқларини чеклаш борасида дарров хорижий тажрибани рўкач қилишади.

ИИИ тизимини ислоҳ қилиш ҳақида гап кетганда, собиқ СССР республикалари орасида полицияни самарали ислоҳ қила олган Грузия тажрибасига назар солсак.

2004 йилда ҳокимиятга келганидан кейин Михаил Саакашвили оммавий маиший коррупцияни йўқ қилиш ва фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончини тиклашга қаратилган радикал, тез ва жуда ошкора ислоҳотларни бошлади.

  • Асосий чоралар сифатида эски патрул полицияси тўлиқ тугатилди – бир кунда 30-40 мингга яқин, жиддий коррупциялашган деб ҳисобланган “ГАИ” ходимлари ишдан бўшатилди.
  • Янги тизимга “нолдан” янги кадрлар қабул қилинди. Албатта, очиқ танловлар орқали, юқори даражадаги текширувлар ёрдамида.
  • Маошлар сезиларли даражада оширилди. Полициячилар аввалгидан бир неча баробар юқори маош ола бошлади, бу пора олиш васвасасини камайтирди.
  • Янги ходимлар Ғарб стандартлари асосида АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия кўмагидаги дастурлар асосида ўқитилди.
  • Боди камералар, янги патрул автомобиллари, замонавий инфратузилма яратилди.
  • Очиқ полиция бўлимлари ва “витрина ислоҳотлари” – шиша бинолар шаффофликнинг рамзига айланди.

Натижа

Қатор полициячилар орасидаги коррупция кескин камайди, аҳолининг ишончи ортди, Грузия минтақада коррупцияни бартараф этиш бўйича етакчи давлатлардан бирига айланди.

Бизда нима қилиш мумкин?

Хўш, ҳамма жойи чириб кетган уйни таъмир қилиш мумкинми? Мумкин, аммо кўп вақт ва пул талаб этилади. Ундан кўра, уни бузиб ташлаб, янги материаллар асосида қайтадан янги уй қурган яхшироқ. Ҳам арзонга тушади. Афсуски, бизда чириб, тўкилиб тушаётган бинонинг фақат фасад қисмини ялтиратиб бўяб, “мана шу ислоҳотлар” деган гапга ишонтиришга уринишмоқда.

Назаримизда, қуйидаги ўзгаришларни амалга ошириш, тизимни соғломлаштиришга кўпроқ хизмат қилган бўларди.

1. Асосларни шакллантириш

Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича мустақил аудит ўтказиш: коррупция, шикоятлар, ҳуқуқбузарликлар кўламини аниқлаш.

Норматив-ҳуқуқий базани янгилаш: ИИИ фаолиятини тартибга солувчи қонунни касбий стандартлар, ходимларни ҳимоя қилиш, моддий жавобгарлик ҳақидаги нормалар билан тўлдириш.

ИИИ фаолияти устидан ташқи фуқаролик назорати механизмини яратиш (омбудсман, инспекция, очиқ ҳисоботлар, ОАВ учун шаффофлик).

2. Кадрлар ва рағбатлантириш борасида ислоҳотлар

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш: рақобатбардош маош, хизмат учун бонуслар, малака учун устамалар, иш стажига қараб имтиёзлар жорий этиш.

Ходимларни қатъий танлов ва қайта аттестациядан ўтказиш тизимини йўлга қўйиш: коррупция ёки ҳуқуқбузарликка доир шубҳали репутацияга эга ходимларни тизимдан ҳайдаш.

Ходимларни ўқитиш ва қайта тайёрлашни кучайтириш: замонавий кўникмалар, тактика, конфликтология, жамият билан ўзаро муносабат, жисмоний тайёргарликни қоғозда эмас, амалда яхшилаш.

Ижтимоий кафолатларни яхшилаш: тиббий хизмат, хусусий уй-жой, болалари контрактини тўлаб бериш каби имтиёзлар, уй-жой ва бошқа харидлар учун махсус имтиёзлар, жароҳат ва хатарлар учун компенсациялар миқдорини кўпайтириш.

Токи ИИИ ходимининг кўзи тўқ, эртасига ишончи юксак бўлсин. Яқинда фош бўлган профилактика ходимига ўхшаб, хизмат хонасида наркотик модда тайёрлаб сотишга ҳуши кетмасин. Пора ва товламачилик билан бойлик орттиришга уринмасин!.. Хуллас, бошлиқ эмас, худо ва халқ ғазабидан қўрқсин, ишини йўқотишидан қўрқсин!

3. Ташкилий ва операцион ислоҳотлар

Штатлар жадвалини оптималлаштириш: бир-бирини такрорлорвчи вазифаларни қисқартириш, бюрократияни камайтириш, патрул ходимларига тушадиган юкламани енгиллаштириш.

Замонавий технологиялар ва шаффоф жараёнларни жорий этиш: бодикамералар, видеофиксация, автоматлаштириш, полиция фаолияти бўйича очиқ ва тўлиқ маълумотлар қайд этилишини кафолатлаш.

Фуқароларнинг шикоятлари билан ишлаш хизматини кучайтириш: ягона реестр, тезкор реакция, шаффоф ҳисоботларни таъминлаш.

Раҳбарият тузилмасини қайта кўриб чиқиш: кўпроқ жавобгарлик, коррупцияга мойил ходимларни яшириш имкониятларини қисқартириш. Ўз таниши ёки ходимининг жиноятини яшириб, хаспўшлашига йўл қўймаслик.

4. Маданий-ахлоқий ўзгаришлар ва барқарор ривожланиш

ИИИнинг ижтимоий қиёфасини ўзгартириш бўйича тарғибот кампаниясини бошлаш: “жамиятга хизмат” масаласини оммалаштириш.

Хулқ-атвор стандартлари, одоб-ахлоқ кодекси, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар билан муносабат бўйича мажбурий ўқув дастурларини жорий этиш.

Натижаларни мунтазам мониторинг қилиб бориш: жамоат ишонч кўрсаткичлари, шикоятлар сони, жиноятларни очиш даражаси, ходимлар қониқиш даражаси рейтингларини юритиш. Холис ижтимоий сўровлар ўтказиб туриш.

Институционал барқарорликни таъминлаш: полицияни ноҳақ сиёсий таъсирдан мустақил қилиш, хизмат бўйича юқорига кўтарилишнинг шаффофлиги, қоидаларни бузганлик учун жазолаш тизимини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ва ниҳоят – ИИИ... деган ғализ номни полиция атамаси билан алмаштириш керак.

Хулоса

Ўзбекистон ИИИ охирги етти-ўн йил ичида катта йўл босиб ўтди: ёпиқ ва бюрократлашган милиция моделидан замонавийроқ, фуқароларга муносабати ўзгарган тизимга ўтиш бошланди. Лекин ислоҳотлар – бу бир кечада бўладиган жараён эмас; у изчилликни, сиёсий иродани ва энг муҳими – тизимдаги фикрлаш тарзи ўзгаришини талаб қилади. Аммо уларни чўзиб ҳам бўлмайди. Акс ҳолда ИИБ биноларидан ўликлар чиқиши тўхтамайди...

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid