Озиқ-овқатларга санитария-эпидемиологик хулоса бериш тартиби белгиланди
Хулоса 3 йил муддатга берилади. Уни электрон тарзда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали олиш мумкин.

Озиқ-овқат маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш тартиби белгиланди.
Ҳукумат қарори (720-сон, 13.11.2025 й.) билан “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга кўра, санитария-эпидемиологик хулоса 3 йил муддатга берилади.
Ушбу хулоса четдан олиб келинаётган маҳсулотга маҳсулотнинг яроқлилик даврига, яроқлилик муддатига эга бўлмаган маҳсулотга эса – муддати кўрсатилмасдан берилади.
Санитария-эпидемиологик хулоса қуйидаги ҳолатларда олиниши лозим:
- янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганда;
- ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таркиби ўзгарганда;
- маҳсулотларни ишлаб чиқариш технологик жараёнининг конструкциялари, жамланмалари ўзгарганда;
- тажриба учун ишлаб чиқарилган маҳсулотларга;
- республика ҳудудига олиб кириладиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига;
- маҳсулот ишлаб чиқариш учун берилган санитария-эпидемиологик хулосанинг амал қилиш муддати тугаганда.
Ариза берувчи давлат хизматидан Давлат хизматлари марказига келиб ёки электрон тарзда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали фойдаланиши мумкин.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хулосани QR-код орқали тасдиқлайди ҳамда 1 иш кунида ариза берувчининг шахсий кабинетига юборади.