ОАВ: Оғир касалликка чалинганларга АҚШ визаси берилмаслиги мумкин
Юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари, саратон, диабет, метаболик ва неврологик касалликлар визага рад жавоби учун асос бўлиш эҳтимоли бор. Бу ҳақда АҚШнинг етакчи нашрларидан бири ёзди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ элчихоналарига визага мурожаат этувчиларнинг саломатлик ҳолатини кўриб чиқишни буюрди. Бу ҳақда 6 ноябр куни Рубиодан АҚШ элчихоналари ва консулликларига юборилган тегишли кўрсатмани олган The Washington Post нашри хабар берди.
"Соғлиқни сақлашнинг айрим ҳолатлари, жумладан юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари, саратон, диабет, метаболик ва неврологик касалликлар" виза беришни рад этиш учун асос бўлиши мумкин.
Рубио буни "юз минглаб долларлар" миқдорида даволаш нархини кўрсатиш билан оқлади. The Washington Post манбаларига кўра, ушбу ҳужжат АҚШ Давлат департаменти сиёсат раҳбарияти томонидан ишлаб чиқилган ва ходимлар томонидан одатий текширувдан ўтмаган.
"Ушбу йўриқномалар консуллик ходимларига иммиграция ва оддий визани соғлиғига кўра рад этиш учун кенг ихтиёрийлик беради, улар ҳеч қачон рад этиш учун асос бўлмаган", деди иммигратсия бўйича адвокат Вик Гоэл нашрга.
Оқ уй матбуот котиби Анна Келлининг таъкидлашича, Давлат департаменти 100 йил давомида америкалик солиқ тўловчиларга молиявий юк бўлиши мумкин бўлган, масалан, ҳукумат томонидан молиялаштириладиган соғлиқни сақлаш хизматига муҳтож бўлганларнинг Қўшма Штатларга киришини чеклаб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун визасиз тартибни жорий этди.
Бу икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, маданият, гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.