Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилиш бўйича қонун лойиҳаси маъқулланди
Бу яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.

Қонунчилик палатаси йиғилишида Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан исломий банк ва молия операцияларига оид ҳуқуқий нормалар лойиҳада акс эттирилганлиги маъқулланди. Шунингдек, молия стандартлари ҳамда инвестициявий депозитларга оид нормалар бўйича аввал билдирилган таклифлар инобатга олинганлиги халқ вакиллари эътиборида бўлди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда исломий банк хизматларини босқичма-босқич жорий этишга, яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.