Журналистлар ўлимининг 85 фоизи очилмай қолаётгани айтилди
Журналистлар ўлдирилишининг энг кўп тасдиқланган ҳолатлари араб давлатлари, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларида қайд этилган.

Дунё бўйича журналистлар ўлимининг 85 фоизи очилмай қолмоқда.
Бутун дунёда журналистлар ўлдирилиши ҳолатларининг ўндан тўққизтаси очилмай қолмоқда. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан йўллаган мурожаатида маьлум қилди.
“Мен Ғазода журналистларнинг ўлдирилишини қоралайман, уларнинг кўплигидан ғазабланаман ва мустақил ҳамда холис тергов ўтказишга чақираман. Халқаро журналистларнинг Ғазога киришига тўсқинлик қилувчи тақиқ мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас", — дейди Антониу Гутерриш.
Журналистлар ўлдирилишининг энг кўп тасдиқланган ҳолатлари араб давлатларида (82), Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларида (34), Африкада (5), Осиё-Тинч океани минтақасида (30) ҳамда Европа ва Шимолий Америкада (12) қайд этилган.
"Чегарасиз мухбирлар" ташкилоти маълумотларига кўра, 2023 йилдан 2025 йилгача камида 1163 нафар журналист ҳибсга олинган.
Улардан 568 нафари 48 мамлакатда ҳамон ҳибсда қолмоқда. БМТ Бош котибининг фикрича, давлатлар тезкор, пухта, холис ва мустақил тергов йўли билан журналистларни ўлдирганлик учун жазосиз қолишга чек қўйиши керак.