Журналист Абдурауф Қоржовов вафот этди
У узоқ йиллар давомида "Ахборот" дастурида фаолият олиб борган.
Таниқли журналист Абдурауф Қоржовов вафот этди. У узоқ йиллар МТРКнинг "Ахборот" дастурида фаолият юритган. 2020 йилдан эса "Янги Ўзбекистон" газетасида ишлаётганди.
Абдурауф Қоржовов 1992-2019 йиллар давомида Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг ўз мухбири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, директор ўринбосари, “O‘zbekiston 24” телерадиоканали бош муҳаррири лавозимларида фаолият кўрсатди. У “Оталар юрти”, “Оқ тулпорлар”, “Ўзбек сўми”, “Бунёдкорлик”, “Ассалом, Наврўз!”, “Ўзбекистон йўллари” сингари ҳужжатли фильмларига ҳам муаллифлик қилган.
Ижодкор “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист”, “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” унвонларини олган.
Унинг “Йўллар ва манзиллар”, “Табиатнинг мўъжизавий эҳсонлари” китоблари, ҳаммуаллифликдаги “Саҳро бўм-бўш эмас”, “Юрт фарзандлари”, “Хитой ўзбекистонликлар нигоҳида” каби очерклар тўпламлари нашр этилган.