platina.uz
Жаҳон

OpenAI устидан еттита даъво аризаси киритилди

ChatGPT маслаҳатлари одамлар ўз жонига қасд қилишига ва алданишларга олиб келган. Бу ҳолатлар ҳатто аввал руҳий муаммолари бўлмаган одамларда ҳам юз берган. 

OpenAI устидан еттита даъво аризаси киритилди

OpenAI устидан ChatGPT одамларни ўз жонига қасд қилишга ва алданишларга олиб келгани ҳақидаги еттита даъво аризаси берилди.

Аризачиларнинг айтишича, бу ҳолатлар ҳатто аввал руҳий муаммолари бўлмаган одамларда ҳам юз берган.

6 ноябр Калифорния штати судларида берилган даъволарда қасддан бўлмаган ўлдириш, ўз жонига қасд қилишга кўмаклашиш, эҳтиётсизлик ва бепарволик каби айбловлар илгари сурилган. Улар “Social Media Victims Law Center” ва “Tech Justice Law Project” томонидан олтита вояга етган шахс ва бир ўсмир номидан берилган.

Даъволарда айтилишича, OpenAI ички огоҳлантиришларга қарамай, GPT-4О моделини жуда эрта, етарлича хавфсизлик чораларисиз оммага тақдим этган. Ушбу огоҳлантиришларда модельнинг ҳаддан ташқари мақтовчан ва психологик манипулятив бўлиши мумкинлиги айтилган.

Даъво аризаларига кўра, жабрланганларнинг тўрт нафари ўз жонига қасд қилиб вафот этган.

“Амаурининг ўлими тасодиф ҳам, бахтсиз ҳодиса ҳам эмас, балки OpenAI ва Самуэл Алтман томонидан хавфсизлик синовларини эътиборсиз қолдиришнинг оқибатидир”, — дейди даъвогарлардан бири.

Яна бир даъво Онтариода (Канада) яшовчи 48 ёшли Алан Брукс томонидан берилган. Даъвога кўра, икки йилдан ортиқ вақт давомида ChatGPT Бруксга ҳамма масалада кўмак берган. Кейин эса, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, у ўзгариб, Брукснинг заиф томонларидан фойдаланиб, уни манипуляция қилган ва унга турли нарсалар ҳақида ёлғон маълумотлар айтган. Натижада, олдин ҳеч қандай руҳий саломатлигида муаммоси бўлмаган Аллан оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган ва бу унинг молиявий, обрў-эътиборига ҳамда ҳиссий ҳолатига жиддий зарар етказган.

Август ойида 16 ёшли Адам Рейннинг ота-онаси OpenAI ва унинг бош директори Сэм Алтман устидан даъво киритган, унда ChatGPT калифорниялик ўсмирга бу йил бошида ўз жонига қасд қилишни режалаштиришда ва амалга оширишда “йўл-йўриқ берган” деб айбланган.

“OpenAIга қарши киритилган даъволар технологик компаниялар ёшлар учун етарли ҳимоя чораларини кўрмасдан маҳсулотларни бозорда шошилинч чиқарганда нима содир бўлишини кўрсатмоқда”, — деди "Common Sense Media"нинг бош тарғибот расмийси Даниэл Вейис.

OpenAI бу ҳолатларни “ниҳоятда юрак эзувчи” деб атади ва бўлиб ўтган ҳолатлардан афсусда эканлигини айтди. Шунингдек, тафсилотларни тушуниш учун судга топширилган кўриб чиқаётганини маълум қилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid