Golden House истеъмолчи ҳуқуқини чеклаб қўйгани аниқланди
Рақобат қўмитаси қонун бузилиши ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма берди.

“Golden House Property Group” МЧЖга қонун бузилиш ҳолатларини ихтиёрий бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилган.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда “GOLDEN HOUSE” компанияси томонидан улуш киритиш асосида кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш шартномаси шартларида истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилган тақдирда ҳамда ушбу компания фаолиятига нисбатан норозилик билдириб ОАВ, тегишли идора ва ташкилотларга мурожаат қилинишига шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиниши истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлардан бири экани аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4, 6, 21 ва 23-моддалари талаблари асосида “Golden House Property Group” МЧЖга қонун бузилиши ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш чораларини кўриши юзасидан белгиланган тартибда кўрсатма берилган.