ДХХ Сирдарёда адвокатни қўлга олди
У Тергов ҳибсхонасида сақланаётган фуқарони ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига ўтказиш ҳамда кейинчалик жиноят ишини судда ижобий ҳал қилиб бериш эвазига пул талаб қилган.

Сирдарёда адвокат пора билан ушланди.
Сирдарё туманидаги адвокатлик бюроси адвокати ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, ҳозирда Ховос туманидаги 8-сон Тергов ҳибсхонасида сақланаётган фуқарони Сирдарё туман ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига ўтказиш ҳамда кейинчалик жиноят ишини судда унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 5500 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда адвокат 4500 АҚШ доллари ва 6 млн. сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидлаш лозимки, адвокат жиноят ишига гумонланувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ва Сурхондарёда адвокатлар қўлга тушганди.
Пойтахтда адвокат фуқаронинг ишини суд органларида ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал этиб, енгиллик қилиб бериш эвазига 3700 АҚШ доллари олган.