Чакана савдо қоидаларига ўзгартиришлар киритилди
Бу қоида сотувчиларнинг сунъий равишда нархни ошириб, кейин уни чегирма сифатида тақдим этиб, истеъмолчини чалғитишига чек қўяди.

Ўзбекистонда чакана савдо қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, (https://lex.uz/docs/7782935) агар сотувчи товарнинг чегирмагача бўлган нархини кўрсатсагина, бу "чегирма" деб ҳисобланади. Акс ҳолда, бу шунчаки товар нархини арзонлаштириш сифатида баҳоланади.
Бундан ташқари, чегирмада кўрсатилган, чегирма нархгача бўлган нарх (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари) чегирма эълон қилингунга қадар охирги 30 кундаги энг паст нарх бўлиши керак. Бу қоида сотувчиларнинг сунъий равишда нархни ошириб, кейин уни чегирма сифатида тақдим этиб, истеъмолчини чалғитишига чек қўяди.
Рағбатлантирувчи акцияларни ўтказишда ҳам сотувчиларга аниқ талаблар қўйилмоқда. Биринчидан, сотувчи акция эълон қилинганда унинг шартларини, жумладан, амал қилиш муддати, товарлар номи, миқдори ва сотиб олиш шартларини истеъмолчиларга аниқ ва тушунарли тарзда етказиши шарт. Иккинчидан, акция эълон қилингандан сўнг унинг шартларини ўзгартириш ёки товар нархи ҳақида нотўғри маълумот бериш қатъиян тақиқланади.
Чегирма ёки акция оммавий тадбир тарзида ўтказилса, мавжуд тартиб-таомилларга риоя қилиниши, ваколатли идоралардан рухсатнома олиниши керак бўлади.