Оҳангаронда қамоқдан қочган яна бир педофил ушланди
Жамиятда бундай жиноятчиларнинг бемалол юриши ва жиноят қилиши борасида ички ишлар органлари бирор тушунтириш бермаган.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида 31 ёшли шахс мактабдан қайтаётган 3-синф қизни зўрлаган. У қамоқдан қочиб чиққани айтилган.
Хабарларга кўра, эркак жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2018 йил 13 апрелдаги ҳукми бўйича Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан 16 йилга озодликдан маҳрум этилиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
2024 йил 22 августда эса ЖИБ Нишон тумани суди ажрими билан у 9 йил 2 ой 19 кун жазо муддатини ўташ учун манзил колонияга ўтказилган. Шундай хавфли жиноятчи нега манзил колонияга ўтказилганига изоҳ берилмаяпти.
Маҳкум 16 октябр куни соат 16:00 атрофида Оҳангарон туманидаги хусусий корхонага шартнома асосида фойдали меҳнат ишларига жалб қилинган пайтида номаълум томонга қочиб кетган ва қидирувга берилган.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, вояга етмаган қизга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган маҳкум М.Т. шу куннинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан процессуал тартибда ушланган ва қамоққа олинган.
Унга Жиноят кодексининг 119 моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс билан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтиш керак, аввалроқ Наманганда ҳам педофил аниқланган. У аввал 2 марта шу иши учун қамалган, бироқ муддатидан олдин озод қилинган. Олий суд матбуот хизматининг изоҳ беришича, у муддатидан олдин озод қилишни сўраб судга мурожаат қилган.