Пиримқул Қодиров: Она тилим — менинг Ватанимдир
Ўзбекистон халқ ёзувчиси она тилимизнинг бетакрорлиги, унинг ўзига хосликларини тадқиқ этиш бўйича доимий изланган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров она тилимизнинг бетакрорлиги, унинг ўзига хосликларини тадқиқ этиш бўйича доимий изланган. Устоз билан суҳбатимиз бевосита она тилимиз хусусида бўлган.
— Она тилининг инсон ҳаётида қанчалик юксак ўрин эгаллашини биз, айниқса, улуғ давлат арбоби ва гениал адиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётида ва ижодида кўрамиз. Маълумки, Бобур Мирзо умрининг ярмидан кўпини Афғонистон ва Ҳиндистонда яшаб ўтказди. Ватанидан йироқлашган одамларнинг аксарияти она тилидан ҳам узоқлашиб, иккинчи тилда гапирадиган ва ёзадиган бўлиб қолади. Улардан фарқли ўлароқ, Мирзо Бобур бошқа мамлакатларда яшаганда ҳам она тилини севиб, соғиниб ва улуғлаб яшади.
Бобур Мирзо бошқа юртларга бош олиб кетган вақтда ҳам “Бобурнома”дай буюк асар яратди.
Ҳозирги ёшларимиз она тилига меҳр қўйишда яна кўп нарсани ўрганишлари мумкин. Ахир “Бобурнома” сингари улуғ эпопеяни чет давлатларда яшаб, гўзал туркий (ўзбек) тилда ёзгани мўъжиза эмасми?!
Она тилининг аҳамиятини юксак даражада тушунган Fapб ёзувчиларидан бири Албер Камю Жазоирда туғилган бўлса-да, ўз она француз тилини мукаммал билиб, уни ҳурмат қилади. Буни унинг қуйидаги машҳур иборасидан ҳам пайқаш қийин эмас: “Француз тили — менинг Ватанимдир”.
Яна Бобур Мирзо мавзусига қайтаман. Ул буюк зот Ҳиндистонда яшаганда она тилини худди Камю айтгандай ўзининг Ватани деб ҳис қилади. Ана шу туйғу таъсирида хорижда яшаганда ҳам, ҳамиша туркий тилда ўйлайди, ёзади ва шу билан гўё ўзини туғилиб ўсган Ватанида яшагандек ҳис қилади.
Мана, бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунни байрам сифатида ўтказмоқдамиз. Бу ҳам бир бахт. Она тилимизга аталган чексиз меҳр-муҳаббатимизни нафақат сўзда, балки амалда ҳаётимизнинг барча соҳаларида эъзозлаб яшашга ўрганган одамларгина Бобур Мирзо, Камю каби ўз она тилининг қудратидан тўлиқ фойдалана оладилар. Айниқса, бугунги ёшларимизда мана шундай интилиш ниҳоятда кучли бўлишини чин дилдан истайман.
Бобур Наби оққа кўчирган.
2010 йил 21 октябр