platina.uz
Маданият

Ҳокимларнинг давлат тили бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади

Ҳозирги пайтда ҳам кўплаб ташкилот, идора ва муассасаларда раҳбарларнинг давлат тили бўйича маслаҳатчилари мавжуд.

Ҳокимларнинг давлат тили бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади

2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.

Бу ҳақда президентнинг 20 октябрда имзоланган "Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида сўз боради.

Қайд этиш керак, ҳозирги пайтда кўплаб ташкилот, идора ва муассасаларда раҳбарларнинг давлат тили бўйича маслаҳатчилари мавжуд.

Қарор билан 2026 йилдан бошлаб:

  • таълим қардош тилларда олиб бориладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари учун ўзбек тилини ўргатиш бўйича дарсликларнинг даврийлиги асосида янги авлоди яратилади;
  • мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича педагоглар учун ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқилади;
  • мактабгача таълим ёшидаги болалар учун “Менинг илк изоҳли луғатчам” расмли луғат китоби яратилади;
  • болаларга ўзбек тилини ўргатиш бўйича замонавий анимацион видео ва аудио маҳсулотлар ишлаб чиқилади.

2026 йил 1 июнга қадар кўп жилдли “Ўзбекистон миллий қомуси” электрон шаклда тайёрланиб, эълон қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак.

2026 йил 1 декабрга қадар “Она тили. Қомус” китобининг нашрга тайёрланиб, чоп этилади.

2026 йил 1 майга қадар ўзбек тилини сунъий интеллект ёрдамида қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган платформа ишлаб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланади.

2025 йил 1 декабрга қадар:

  • янги қабул қилинаётган атамалар бўйича жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклиф, фикр ва тавсияларни қайд этиб борувчи;
  • тасдиқланган янги сўз ва атамаларни ўзида акс эттирадиган электрон реестрни юритувчи;
  • ўзбек тилида чоп этилган соҳавий, изоҳли ва имло луғатларини ўзида жамлаш ва фойдаланиш учун мўлжалланган электрон платформани яратиш бўйича илмий лойиҳага танлов эълон қилинади.

Шунингдек, ўзбек тили фани ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” республика танлови ўтказилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid