Шавкат Мирзиёев 24 октябрда Брюсселга боради
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим (EPSA) имзоланади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 24 октябр куни расмий ташриф билан Брюсселда бўлади. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим (EPSA) имзоланади.
Euronews таъкидлаганидек, ушбу ҳужжат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликда янги саҳифа очади, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайди ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.
EPSA беш стратегик йўналиш: сиёсий мулоқот, савдо, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва соҳавий ҳамкорлик бўйича ҳамкорлик учун замонавий асос яратади. Унда умумий қадриятларга содиқлик, иқтисодиётни модернизация қилиш ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш истаги ўз ифодасини топган.
Бундан ташқари, EPSA келгуси ташаббуслар, жумладан, жорий йилнинг ноябр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи-Марказий Осиё” инвестиция форуми учун асос яратади.
Европа Кенгаши президенти Антонио Кошта Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни муносабати билан йўллаган табригида бўлажак ташриф муҳимлигини таъкидлади:
“Мен сиз билан 2025 йил 24 октябр куни Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолайдиган Брюсселда учрашишни интиқлик билан кутаман”, — дея Костанинг сўзларини келтиради Euronews.
Самарқандда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити чоғида Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Леен Европа Иттифоқи минтақалар билан савдо, транспорт, муҳим минераллар, рақамли алоқа ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида эканлигини маълум қилди. Ушбу ҳудудлар Global Gateway ташаббуси доирасида 12 миллиард евролик инвестиция пакети билан қўллаб-қувватланади.