Шавкат Мирзиёев генерал Рустам Аҳмедов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди
Мамлакатнинг биринчи мудофаа вазири, собиқ фавқулодда вазиятлар вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Аҳмедов 12 октябр куни оламдан ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа қатор сиёсий арбоблар ггенерал Рустам Аҳмедов ваффоти сабаб ҳамдардлик билдирди.
Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таниқли намояндаси, мамлакатнинг биринчи мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Ўрмонович Аҳмедов шу йил 12 октябр куни 82 ёшида вафот этди.
Рустам Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг дастлаб Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртида, кейин Москва шаҳридаги Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясида таълим олди.
Бутун ҳаётини ҳарбий соҳага бағишлаган Р.Аҳмедов танк полкида взвод командири, танк дивизияси сиёсий бўлими бошлиғининг ёрдамчиси, танк дивизияси батальони командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, Тошкент олий танк қўмондонлик билим юрти курсантлар батальони командирининг ўринбосари лавозимларида хизмат қилиб, шахсий таркибни бошқариш, унинг ҳарбий, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини ошириш борасида етарли билим ва тажриба орттирди.
Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик ва Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган йилларида унинг ташкилотчилик қобилияти яққол намоён бўлди.
Ватанимиз истиқлолга эришганидан сўнг Р.Аҳмедов Ўзбекистон Республикасининг мудофаа вазири, айни вақтда бирмунча муддат Миллий гвардия қўмондони вазифасини бажарувчи сифатида фаол иш олиб бориб, миллий армиямизни шакллантириш, давлатимиз мудофаа тизимини барпо этиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш йўлида жонбозлик кўрсатди. Мудофаа вазирлигининг Бош штаби қайта ташкил этилиб, Қуролли Кучлар Бирлашган штабига айлантирилди, ҳарбий округлар тузилди, ҳарбий қисмларнинг жойлашув ва бошқарув тизими такомиллаштирилди. Мудофаа вазирлигининг бошқа куч тузилмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Рустам Аҳмедов 1997–1998 йилларда Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ҳам фаолият олиб борган.