Рақобат қўмитаси Марказий банкка сўров юборди
Унда банклар фаолиятини ўрганиш ва кредит карталари фоиз масалаларини қайта кўриб чиқиш сўралган. Кредит карталаридаги фоизлар аҳоли норозилигига сабаб бўлган.

Рақобат қўмитаси Марказий банкка тижорат банкларининг кредит карта амалиётлари (операциялари)да истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан сўров юборди
Сўнгги вақтларда мамлакатимизда иқтисодиётнинг ривожланиши, бунда аҳоли турмуш тарзини ошириш мақсадида турли шаклдаги кредитлар ажратиш сиёсати қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Аммо мазкур амалиётларда айрим давлат ва нодавлат тижорат банклари томонидан тақдим этилган кредит карталаридан коммунал хизматлар, ўқиш, тиббиёт ва суғурта ҳамда солиқ каби тўловлар ҳам нақд пулга ечишга тенглаштирилиб, улардан фоиз ва комиссиялар ундирилаётгани ўз навбатида аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4, 12, 19,21 ва 23-моддаларига мувофиқ:
-давлат ва нодавлат банклар фаолиятини ўрганиб чиқиш ва уларнинг фаолиятини кредит карталари фоиз масалаларини қайта кўриб чиқиш,
-истеъмолчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштириш ҳамда асоссиз олинган хизмат ҳақи пулларини қайтариш чораларини кўриш юзасидан Марказий банкига белгиланган тартибда сўров юборилди.
Ушбу иш тафсилотлари юзасидан қўшимча ахборот тақдим этилади.
Аввалроқ уч банк қоидабузарлик сабаб Марказий банк томонидан катта жаримага тортилганди.
Жумладан, ТБС банк томонидан қарз олувчиларга ортиқча белгиланган 2,5 млрд сўм фоизлар ҳамда қонунга зид равишда ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоизлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.