Франция собиқ бош вазири президент Макрон ҳокимиятдан кетиши кераклигини айтди
Мамлакатдаги сиёсий инқироз сабаб президент муддатидан илгари лавозимидан воз кечиб, янги сайловларни ўтказиши керак.

Францияда сиёсий инқироз кучаймоқда. Айримлар Президент Эммануэл Макронни муддатидан олдин вазифасидан озод этишни энг тўғри йўл деб ҳисобламоқда.
Франциянинг собиқ бош вазири Эдуард Филипенинг таъкидлашича, мамлакат бюджетини қабул қилиш учун янги бош вазир тайинланиши лозим.
Шундан сўнг у, сиёсий инқирозни ҳал этиш мақсадида, президент Эммануэл Макрон муддатидан илгари лавозимидан воз кечиб, президентлик сайловларини ўтказиши кераклигини айтган.
Собиқ бош вазир бу фикрни Францияда бир йил ичида учинчи марта бош вазир истеъфога чиққанидан сўнг билдирди.
Маълумот ўрнида, Фелипе 2017 йилдан 2020 йилгача бош вазир лавозимини эгаллаган ва айни дамда Ҳоризонс партиясининг лидери ҳисобланади.
У “дарҳол ва кескин" истеъфога чиқиш тарафдори эмаслигини, бироқ президент ўз ваколатига муносиб ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади.
Ҳозиргача 47 ёшли Франция президентига истеъфога чиқиш бўйича босим асосан чап радикал ва ўнг қанот мухолифларидан келиб чиқаётган эди. Аммо эндиликда унинг иттифоқчилари томонидан ҳам очиқ баёнотлар берилаётгани, мамлакатдаги сиёсий инқироз қанчалик жиддий тус олганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Макрон, 2017 йилдан бери президент лавозимида фаолият юритмоқда. Унинг президентлиги инқироз ёқасига яқинлашганига қарамасдан, давлат раҳбари Париждаги Сена дарёси бўйида ёлғиз юргани, ортидан эса унинг қўриқчилари эргашиб бораётгани акс этган видео-тасвир олинган.
Аввалроқ Франция бош вазири тасдиқланганига бир сутка бўлмасдан истеъфо берганди.