platina.uz
Мақола

“Махфий хазина сандиқлари”: оффшорлар, ўзбеклар ва глобал тизим

Оффшорларга пул чиқиши ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш натижасида ривожланаётган ва ўрта ривожланган давлатлар ҳар йили миллиардлаб доллар маблағ йўқотмоқда.

“Махфий хазина сандиқлари”: оффшорлар, ўзбеклар ва глобал тизим
Фотоколлаж: Platina.uz

Одамзот бойлик орттирса, ҳамма унга қизиқа бошлайди: қаердан топдинг, қаерда сақлайсан, солиқ тўладингми?.. Айниқса, солиқлар масаласи бойларнинг ғашига тегади. Улар солиқларни тўламаслик ёки камроқ тўлаш йўлларини қидира бошлайди.

Талаб бор жойда таклиф пайдо бўлади, албатта. Айрим банк-молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ва бутун бир давлатлар солиқлардан ва ортиқча суриштирувлардан холи жойларни таклиф эта бошлади. Бу нафақат бойлигини шубҳали кўзлардан пана сақлаш истагидаги пул эгалари, балки шу давлатларнинг ўзлари учун ҳам фойдали эди. Инвестициялар оқими кучайди, транзакциялар оқими кучайгани оқибатида банклар фаолияти жонланди, пировардида ушбу мамлакатлар иқтисодиёти ривожланиб, инвестицион жозибаси юксала бошлайди. Ортиқча саволлар, бегона кўзлар ва муқаррар солиқлардан пана бўлган бундай жойларни “солиқ жаннати” (tax haven) ёхуд “оффшорлар” деб аташади.

Солиқлардан “панагоҳлар”

Оффшор (инглизча offshore – “қирғоқдан ташқарида”) – бу хорижий компанияларга бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва операцияларни амалга ошириш учун паст солиқлар, соддалаштирилган ҳисобот ва юқори махфийлик каби махсус имтиёзли шартларни таклиф қиладиган мамлакат ёки ҳудуддир. Компаниялар солиқларни оптималлаштириш, активларни ҳимоя қилиш ва бизнесларининг ҳақиқий эгаларини яшириш учун оффшор юрисдикциялардан фойдаланадилар. Энг машҳур оффшор юрисдикцияларига Британияга тегишли Виржиния, Кайман ва Бермуд ороллари киради.

Шуни таъкидлаш керакки, оффшор юрисдикциялари жаҳон иқтисодиётини мустаҳкамлаши мумкин бўлса-да, улар кўпинча "соядаги" хуфёна бизнес ва мамлакатлардан маблағларни олиб чиқиб кетиш жараёнлари билан боғлиқ бўлиб, бу ўша мамлакатларнинг иқтисодига путур етказади. Виждонсиз компаниялар солиқлардан қочиш ва активларни яшириш учун оффшор ҳудудларни қидиради.

Бойлик чет элда яширилиши мумкин бўлганда, қонуний иқтисодий стратегия билан активларни яшириш схемаси ўртасини ажратиш қийин кечади. Тўғри, оффшорлар ҳар доим ҳам қонуний эмас, лекин кўпинча назоратдан, солиқлардан ёки жавобгарликдан қочишни истаганлар учун қалқон бўлиб хизмат қилади.

Оффшор юрисдикцияларининг асосий хусусиятлари

Имтиёзли солиққа тортиш механизми. Оффшор зоналардаги компаниялар барча ёки аксарият солиқлардан озод қилинади, бунинг ўрнига йиллик рўйхатдан ўтиш пулини тўлашади.

Соддалаштирилган ҳисобот ва бошқарув. Оффшорларда аксарият ҳолларда молиявий ҳисобот ёки бухгалтерия ҳисоби талаблари минимал бўлади ёки умуман талаб қилинмайди.

Махфийлик. Оффшорлар пул транзакциялари ва мулкчилик маълумотларига нисбатан юқори даражадаги махфийликни таклиф қилади.


Мавзуга доир: Амалдорларнинг пуллари қандай “ювиляпти”?


Рўйхатга олинган мамлакатдан мустақиллик. Оффшор компаниялар одатда иқтисодий фаолият билан шуғулланади ва улар ташкил этилган мамлакатдан ташқарида фойда келтиради.

Оффшорлардан фойдаланиш мақсадлари

Солиқ тўлашни режалаштириш. Яъни фойданинг бир қисмини оффшор юрисдикциясига ўтказиш орқали компанияларга солиқ юкини камайтириш.

Мулк таркибини оптималлаштириш. Номинал хизматлар ва оффшор компаниялар орқали бизнеснинг ҳақиқий бенефициарларини (фойда кўрувчиларини) яшириш.

Молиявий активларни ҳимоя қилиш. Ўз маблағ ва активларини солиқ резиденти сифатида рўйхатга олинган, яъни яшаш мамлакатидаги иқтисодий беқарорлик ёки юқори солиқлар билан боғлиқ хавфлардан сақлаш.

Оффшор компания нима ва нима учун керак?

Оффшор компания – бу паст солиқлар, енгил регуляция ва юқори махфийликка эга юрисдикцияда рўйхатдан ўтган фирма. Одатда у солиқларни камайтириш, активларни ҳимоя қилиш, чегара ортидаги операцияларни енгиллаштириш учун қўлланилади.

Солиқ паноҳгоҳлари ва оффшор марказлари ҳамиша бир хил хусусиятда бўлмайди. Паноҳгоҳ жуда паст ёки нол солиқ ставкалари ва махфийликни таклиф қилади. Оффшор марказ эса қонунлар рухсат берса, капитални сақлаш учун шунчаки қулай жой бўлиши мумкин.

Оффшор компаниянинг афзалликлари пул эгаларининг аноним қолиши, ҳисоботда эркинлик, активларни рестрикциялардан, солиқ хавфларидан, сиёсий хатарлардан ҳимоя қилишда кўринади. Лекин бу компаниялар фаолиятида хатарлар ҳам мавжуд. Масалан, давлат бюджети даромадлари йўқотилади, коррупция гуллаб-яшнайди, пул ювиш, капиталнинг четга чиқиши, ишончсизлик, иқтисодий барқарорликнинг издан чиқиши кузатилади.

Оффшорларнинг тарихий ривожланиши

Оффшор ҳудудлар XX асрда фаол ривожлана бошлади. Кариб ороллари, Панама, Багама, Кайман ороллари – маълумот ошкор қилиш талаби кам бўлган илк марказлар эди. 1970-80-йиллардан кейин оффшорлар глобал молиявий архитектуранинг бир қисмига айланди: корпорациялар, бой шахслар, баъзида сиёсий элиталар ҳам капитални очиқ назоратсиз сақлаш ва кўпайтириш учун улардан фойдаланди. 1990-йиллар охиридан ва айниқса 2000-йилларда махфий маълумотлар “сизиб чиқиши”, журналистик суриштирувлар (Panama Papers, Paradise Papers, Pandora Papers) ва халқаро шаффофлик ташаббуслари кучайди – бу эса регуляторларнинг жавоб чораларига ва қонунлар қаттиқлашишига олиб келди.

Тахминларга кўра, оффшорларга пул чиқиши ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш натижасида ривожланаётган ва ўрта ривожланган давлатлар ҳар йили миллиардлаб доллар маблағ йўқотмоқда. Оффшорлар ҳанузгача жозибали восита бўлиб қолмоқда. Ҳатто халқаро назорат ва бенефициар эгаларни очиқлаш талаблари ҳам бунга халақит бера олмаяпти.

Ўзбекистон билан боғлиқ мисоллар

Жамоатчиликка маълум суриштирувлар ва маълумотлар оқиб чиқишидан бир неча ҳолатлар маълум:

Патох Шодиев – белгия-ўзбек олигархи. Pandora Papers (2021) маълумотларига кўра, унинг камида 25 та оффшор компанияси бор.

Санжар Мадумаров – Panama Papers’да қайд этилишича, у Stockbridge Plus Ltd ва Trident Overseas Management Ltd каби оффшор компанияларда директор бўлган. Журналистлар фикрига кўра, бу компаниялар биринчи президентнинг қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ. Яъни Гулноранинг активлари Мадумаров орқали ўтган. Гулнора Каримовага оид кўплаб жиноий ишлар очилган, унинг Швейцарияда юзлаб миллион франк миқдоридаги активлари музлатилган ёки мусодара қилинган.

Paradise Papers – 2016 (Mossack Fonseca компаниясининг ҳужжатлари) Offshore Leaks базаларида бир неча ўзбекистонлик шахслар оффшор компанияларда “амалдор” сифатида кўрсатилган. Александр Поликашин, Сурен Сафаров, Дилхуш Соатов, Рустамхон Таджиев ва бошқалар ҳам шулар жумласидандир.

Схемалардан фойдаланиш ва фаолиятнинг мисоллари

Номинал директорлар ва акциядорлар – расман эгаси сифатида рўйхатдан ўтган шахслар, аммо амалда фақат “ниқоб” учун фойдаланилади, ҳақиқий эгалари яширилади.

Оффшорлар орқали турли мамлакатлардаги қиммат ҳудудларда жойлашган кўчмас мулкка эгалик қилиш – бу компаниялар занжири орқали амалга ошади; шахс ўзи тўғридан-тўғри кўринмайди, лекин оффшор компания орқали мулкка эгалик қилади.

Оффшор фирмалар орқали капитални ўтказиш – кейинчалик ушбу фирмалар орқали бизнесга, харидларга, яхталарга, кўчмас мулкка, санъат асарларига ва ҳоказоларга инвестиция қилинади, бу эса пул манбасини кузатишни қийинлаштиради.

Юридик ва регуляторий контекст

Халқаро ташкилотлар: ОЭСР (OECD), FATF, ICIJ – терговлар, маълумот алмашиш протоколлари орқали фаолият юритади. Улар охирги бенефициарни очиқлаш, давлатлар орасида молиявий маълумотлар билан автоматик алмашинув стандартларини илгари суради.

Кўплаб мамлакатлардаги қонунлар оффшор тузилмалар ҳақида маълумот ошкор қилишни, чегарадош тўловлар ва операциялар назоратини, айрим чекловлар ва ҳисоботларни талаб қилади.

Оқибатлар ва муаммолар

Капитал чиқиб кетиши – мамлакат инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, таълим учун зарур бўлган пуллар четга чиқариб юборилади.

Тенгсизлик – бойлар ва ҳокимиятдагилар оффшор воситаларига эгалиги оддий фуқароларда адолатсизлик ҳиссини кучайтиради.

Коррупция ва ишончсизлик – оффшорлар яширинча фойдаланилганда, улар ноқонуний схемалар учун ишлатилмоқда, деган гумон пайдо бўлади. Бу давлат органларига нисбатан ишончни пасайтиради.

Молиявий хатарлар – оффшор каналларни ёпиш, санкциялар, обрў йўқотилиши – булар ҳатто қонун доирасида иш юритувчи бизнесларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Хулоса

Оффшорлар – мутлақ ёмон восита эмас, аммо улар соясида кўздан яширин қолиши мумкин бўлган жиҳатлар бор. Бойлик меҳнат билан эмас, ҳокимият билан боғланган ҳолда яратиладиган (ёки ўзлаштириладиган) вазиятларда оффшор – қалқон вазифасини бажаради. Бу борада адолатли тизим ўрнатилиши учун, аввало шаффофлик – ким ҳақиқий бенефициар эканини билиш талаб этилиши лозим. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, қатъий қонунчилик базаси ва самарали ижро тизимига эга бўлиш, ҳозирча сояда қолаётганлар ҳам муқаррар жавобгарликка тортилиши мумкинлигини тушуниш керак бўлади. Зеро, ички назорат етарли эмас, бу фақат ечимнинг бир қисми холос.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid