Марказий банкнинг янги талаби хуфиёна иқтисодиётга йўл очиши мумкин
Регулятор ҳозирча техник такомиллашув деб ишонтирмоқда. Бироқ амалиётда мутлақо тескари реакция кутилиши ҳам мумкин. Шу кутилмалар ва жаҳон тажрибаси ҳақида Platina.uz таҳлилида ўқинг.

Ўзбекистонда картадан-картага (P2P – peer-to-peer – “мижоздан-мижозга”) пул ўтказмаларида “ўтказма мақсадини кўрсатиш” функциясини жорий этиш ташаббуси кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Марказий банк буни рақамли молия ривожланишининг табиий босқичи сифатида изоҳлаяпти. Бироқ жамоатчилик ва айрим иқтисодчилар бу қарор ортида солиққа тортиш ва назоратни кучайтириш бўйича мақсадлар ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Нега айнан ҳозир бундай тартибни жорий этишга эҳтиёж туғилди? Марказий банк мутасаддиларининг изоҳлашича, рақамли иқтисодиёт ривожланаётгани сари рақамли операциялар ҳажми ортиб бормоқда. Тизим ҳам шунга мос равишда такомиллашиб боради. Кўпроқ операция – кўпроқ маълумот дегани. Тизим эса тўғри ва аниқ ишлаши учун маълумот тартибли бўлиши керак.
Баҳсга сабаб янгилик
Маълумотларга кўра, Марказий банк тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига эндиликда мобил иловалар орқали ўтказмалар амалга оширилганда "ўтказма мақсадини кўрсатиш" бўйича кўрсатма жўнатган.
Энди фойдаланувчи ўтказмани амалга оширганида мажбурий равишда ўтказма мақсадини танлаши керак бўлади. Марказий банк бу кўрсатма амалга оширилмаса, тегишли чора кўриши ҳақида огоҳлантирган.
Албатта, мутасадди молиявий идоралар аҳолидан солиқлар йиғишни такомиллаштириш, солиқлар тушумини ошириш ва барча молиявий ҳаракатларни назоратга олишга ҳаракат қилади. Шунингдек, пул ювиш ва жиноятчиликни молиялаштиришга қарши кураш ҳам шуни тақозо этади.
Шу боисдан бўлса керак, 2020 йилда ДСҚ мижозларнинг Р2Р ўтказмалари тўғрисидаги маълумотларни олишга ҳаракат қилган, бироқ уддасидан чиқмаган эди. Кейинроқ, 2022 йилда ДСҚ раиси ўринбосари келажакда Р2Р кўринишдаги яширин иқтисодиёт ҳолатларини ҳам кўриб чиқиш режалари борлигини маълум қилган эди. Мутахассисларнинг айтишича, Марказий банкнинг янги тартибни ўрнатишга киришгани мазкур тайёргарликнинг оқибати дейиш мумкин.
Расмий позиция: техник такомиллашув ва маълумотларни тизимлаштириш
Марказий банкнинг матбуот хизмати берган изоҳларга кўра, янги тартиб рақамли операциялар ҳажми кескин ошган шароитда транзакцияларни тўғри таснифлаш зарур.
Бу жараён пул ўтказиш операцияларини аниқ классификация қилиш, техник хатоларни камайтириш, тезкор қайта ишлашни таъминлаш, келгусида сервисларни персонализация қилиш учун хизмат қилади.
Ҳақиқатан ҳам халқаро амалиётда тўлов изоҳи ёки категория танлаш кенг тарқалган. Финтех иловалар бюджет таҳлили, харажатларни автоматик гуруҳлаш, кредит скоринги каби йўналишларда ушбу маълумотлардан фойдаланади. Демак, техник нуқтаи назардан бундай функция рақамли экотизим мантиғига зид эмас. Бироқ...
Халқаро тажриба
Марказий банк берган изоҳга кўра, кўплаб халқаро банк иловаларида тўлов мақсади, изоҳ ёки категория танлаш каби функциялар мавжуд. Бу рақамли молияда оддий амалиёт. Ҳаттоки суньий интеллект оркали ўз бюджети, кредит интизомлари ва ҳаммасини кузатиб ўзи бошкариши учун финтех ривожланяпти.
Тўғри, дунё бўйлаб банклар пул ювиш (AML – Anti Money Laundering) ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш (CFT – Countering the Financing of Terrorism) бўйича халқаро стандартларга риоя қилади. Улар мижозни идентификация қилиш (KYC – Know Your Customer – “Мижозингни таниб ол”) операцияларини мониторинг қилиш, шубҳали транзакцияларни аниқлаш (SAR – Suspicious Activity Reports), молиявий разведкага ҳисобот юбориш (STR – Suspicious Transaction Report) кабиларни ўз ичига олади.
Бироқ халқаро стандартлар ҳар бир жисмоний шахс ўртасидаги P2P ўтказма учун мажбурий равишда “ўтказма мақсадини” (purpose codes) кўрсатишни талаб қилмайди! Тўлов мақсади кодлари (purpose codes) асосан халқаро ўтказмаларда (SWIFT), валюта операцияларида, корпоратив ҳисоб-китобларда қўлланилади.
Масалан, Ҳиндистонда трансчегаравий ўтказмаларда тўлов мақсади коди мажбурий ҳисобланади. Аммо мамлакат ичидаги оддий маиший P2P ўтказмалар учун, одатда, бундай талаб қўйилмайди.
Европа Иттифоқида (PSD2 – “Payment Services Directive 2”) доирасида ҳар бир P2P ўтказма учун мақсадни кўрсатиш мажбурий эмас.
Бунда назорат молиявий мониторинг, тўлов провайдерларининг ҳисоботлари (масалан, трансчегаравий операциялар учун CESOP), рискка асосланган таҳлил орқали амалга оширилади.
Россияда ҳам P2P ўтказмаларда мақсадни мажбурий кўрсатиш талаб этилмайди. Банк иловаларида тўлов мақсади учун “Изоҳ” майдонини тўлдириш ихтиёрий, турлари ҳам қатъий кўрсатилмаган.
Банклар мижоз фаолияти, операциялар частотаси ва хусусиятини таҳлил қилади. Солиққа тортиш – фақат ўтказма “даромад” ҳисобланган тақдирдагина юзага келади.
Россияда Purpose codes фақат халқаро ва валюта операцияларида қўлланилади. Яъни ҳар бир операцияни мажбурий тоифалаш ўрнига алгоритмик ва рискка асосланган таҳлилга таянилади.
Қозоғистонда ҳам вазият Россияга ўхшаш: P2P учун мажбурий мақсадни кўрсатиш талаб этилмайди. Назорат рискка асосланган молиявий мониторинг орқали амалга оширилади. Солиқ оқибатлари фақат реал даромад мавжуд бўлганда юзага келади. Purpose codes халқаро ва корпоратив операцияларда қўлланилади.
Хулоса қилиб айтганда, жаҳон молиявий амалиётида purpose codes асосан халқаро ва банклараро ўтказмаларда стандарт ҳисобланади. Жисмоний шахслар ўртасидаги маиший P2P ўтказмалар учун мажбурий тоифалаш жуда кам учрайди, деярли йўқ дейиш мумкин. Миллий доирадаги пул ўтказмаларида мақсадни кўрсатиш талаб этилмайди. Асосий назорат механизми – молиявий мониторинг ва риск таҳлили орқали амалга оширилади, фойдаланувчи танлаган “мақсад” орқали эмас!
Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳати
Ўзбекистонда P2P ўтказмаларда мақсадни танлаш мажбурий функция сифатида жорий этилмоқда. Тўғри, бундай чора операцияларни таҳлил қилиш ва маълумотларни тузилмавийлаштиришни яхшилаши мумкин. Бироқ жамоатчиликда солиқ ёки иқтисодий назорат кучайишига доир хавотирларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Қолаверса, ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсуповнинг фикрига кўра, бу янги тартиб орқали картага кўп миқдорда пул тушадиган шахсларга нисбатан молиявий даъволар билдириш механизми шаклланиши мумкин. Агар шундай бўлса, аҳоли орасида тескари реакция юзага келиши, яъни одамлар яна нақд пул айланмасига қайтиш эҳтимоли бор.
Маълумот – назоратми ёки ресурсми?
Бу ерда маълумотдан қандай фойдаланилиши диққатга сазовор. Регуляторнинг ишонтиришча, банк иловаси орқали пул ўтказиш жараёнида фойдаланувчи киритган маълумотлар мобил илованинг ишлаш доирасида қайта ишланади ва учинчи шахсларга тақдим этилмайди.
Шу боис, агар маълумот – сервис сифати учун ресурс бўлса, банклар мижоз хулқини яхшироқ таҳлил қилади, кредит скоринг аниқлашади, шахсий молия бошқаруви яхшиланади ҳамда рақамли иқтисодиёт шаффофлашади. Бу ҳолатда чора иқтисодий ўсишни рағбатлантириши мумкин.
Лекин ушбу маълумот – фискал назорат воситасига айланса, фуқароларда хавотир ортиши, “кўп маълумот – катта назорат” деган психологик реакция юзага келиши, фойдаланувчилар яна нақд пулга қайтиши, транзакцияларни парчалаш (пул суммасини бўлиб юбориш) каби айланма механизмлар пайдо бўлиши мумкин. Натижада яна аҳоли қўлида нақд пул ҳажми орта бошлайди, банк орқали пул айланмаси пасаяди, демакки, назорат ҳам қийинлашади ва хуфиёна иқтисодиёт кўлами ортади. Иқтисодий назарияда бундай ҳолат “регулятив арбитраж” деб аталади – иштирокчилар қоидалардан қочиш йўлларини излаб топишга уринади.
Умид қиламизки, Марказий банк ишонтирганидек, бу назорат механизми эмас, операцияларни аниқ ва тизимли қайта ишлашга қаратилган техник ечим бўлади.
Нақд пулга қайтиш хавфи қанчалик реал?
Сир эмас, Ўзбекистонда сўнгги йилларда нақдсиз тўловлар улуши тез ўсди. Бу банк инфратузилмаси, QR тўловлар, маркетплейслар ривожи билан боғлиқ. Бироқ ишонч омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Агар аҳоли янги функцияни солиқ босимига тайёргарлик деб қабул қилса, P2P ўтказмалар ҳажми кескин қисқариши, кичик бизнеснинг яна “қўлдан-қўлга” схемаларга қайтиши, молиявий инклюзия суръатларининг секинлашиши мумкин. Бу эса рақамли иқтисодиёт стратегиясига зид натижа бериши аниқ.
Регулятор учун асосий муаммо – ишонч
Марказий банк расмийлари маълумотлар учинчи шахсларга берилмаслигини таъкидламоқда. Бироқ иқтисодиётда ишонч фақат баёнот билан эмас, институционал кафолатлар билан мустаҳкамланади.
Масалан, маълумотлардан фойдаланиш бўйича очиқ регламент, солиқ органлари билан алмашинув чегаралари, оммавий ҳисоботдорлик, мустақил аудит механизми шулар жумласидандир. Шу каби чоралар жорий этилмаса, ҳар қандай техник янгилик “назорат кучаймоқда” деган хавотирни кучайтириши табиий.
Иқтисодий натижа эса функциянинг ўзига эмас, балки унинг қандай қўлланилишига боғлиқ. Агар бу ташаббус шаффофлик, сервис сифати ва молиявий инклюзияни кучайтиришга хизмат қилса, ижобий самара беради. Агар у яширин назорат механизми сифатида қабул қилинса, бозор унга мослашиб, қоидаларни айланиб ўтиш йўлларини топади. Зеро, рақамли иқтисодиётда энг қиммат актив – бу аввало маълумот эмас, балки ишончдир...
Абулфайз Сайидасқаров
