Ўндан ошиқ давлат Фаластинга молиявий ёрдам учун бирлашди
Коалиция Фаластин миллий маъмуриятининг қулашига олиб келиши мумкин бўлган “оғир ва мисли кўрилмаган молиявий инқироз”га жавоб тариқасида тузилган.

Франция ва унинг иттифоқчилари Фаластин маъмуриятининг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун Фавқулодда коалиция тузди.
Франция ТИВ баёнотига кўра, коалициянинг асосий мақсади Фаластин миллий маъмуриятининг ҳудудларни бошқариш, фуқароларга ҳаётий хизматлар кўрсатиш ва хавфсизликни таъминлаш қобилиятини сақлаб қолишдир.
Коалицияда Бельгия, Дания, Франция, Исландия, Ирландия, Япония, Норвегия, Саудия Арабистони, Словения, Испания, Швейцария ва Буюк Британия каби давлатлар бор.
Коалиция Фаластин миллий маъмуриятининг қулашига олиб келиши мумкин бўлган “оғир ва мисли кўрилмаган молиявий инқироз”га жавоб тариқасида тузилган.
Мамлакатлар вакиллари Фаластинни қисқа муддатли қўллаб-қувватлаш етарли эмаслигини таъкидламоқда: “қаттиқ шаффофлик ва ҳисобдорлик билан халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда тизимли, башорат қилинадиган ва мувофиқлаштирилган ёндашув” зарур.
Коалиция тузиш билан бирга, бу давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари Исроилдан Фаластин маъмурияти ишига тўсқинлик қиладиган, уни заифлаштирадиган ёки парчаланишига олиб келадиган ҳар қандай чора-тадбирларни тўхтатишни талаб қилди.
Уларнинг таъкидлашича, Фаластин молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш "фаластинликлар, исроилликлар ва бутун минтақа учун тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка сармоядир".
Эслатиб ўтамиз, жорий ойда Франция, Буюк Британия каби давлатлар Фаластинни тан олди.