Ҳайдовчилик гувоҳномасини уйдан чиқмасдан тиклаш мумкин бўлади
Бунинг учун my.gov.uz портали орқали тегишли хизматдан фойдаланиш керак. Лекин хизматдан фойдаланишда айрим истиснолар мавжуд.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини уйдан чиқмасдан тиклаш имконияти яратилди.
Ҳайдовчилик гувоҳномангизни йўқотиб қўйганлар уни янгилаш учун ЙПХ биносига бориши шарт бўлмайди. Барча жараёнларни онлайн амалга ошириб, вақтни тежаш мумкин.
Бунинг учун my.gov.uz портали орқали "Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш" хизматига кириш лозим.
Сўнгра "Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш" бўлимини танлаб, ариза йўлланади. Хизмат нархи: 370 800 сўм (0.9 БҲМ).
Агар гувоҳномани манзилингизга почта орқали етказиб берилишини истасангиз, қўшимча 25 000 сўм тўлов қиласиз.
Хизмат кўрсатиш муддати — 1 иш куни. Почта орқали етказиб бериш билан бирга, жами 3 иш куни ичида янги гувоҳномангиз қўлингизда бўлади.
Қуйидаги ҳолатларда ариза рад этилади:
- ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақидаги маълумотлар тизимда тасдиқланмаса;
- агар сиз транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлсангиз.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131 ва 136-моддалари бўйича маъмурий иш қўзғатилган бўлса ҳам ариза рад этилади.