Ўндан ошиқ банк ва 2 та тўлов ташкилоти огоҳлантирилди
Улар муаммоли кредитларни ундириш ва улар қолдиғини камайтириш билан боғлиқ режаларни бажармаган. Марказий банк 9 банкни жаримага тортди.

Марказий банк 14 банкни огоҳлантирди, 9тасини эса жаримага тортди.
Банк назорати қўмитаси томонидан 2025 йилнинг август ойидаги йиғилишларида (9 марта) 51 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 32 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (9 та), янги очилаётган микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (8 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та) масала кўрилди. Шунингдек, микромолия ташкилотини реестрдан чиқариш (2 та) ва банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (1 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (9 та) билан боғлиқ масалалар кўрилди.
Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 19 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденсиал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банклари ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, ҳудудларда муаммоли кредитларни ундириш ва улар қолдиғини камайтириш юзасидан ишлаб чиқилган режа-графиклар ижроси бажарилмаганлиги ҳамда инспекция текширувлари давомида аниқланган камчиликлар учун 14 та банк ва 2 та тўлов ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Шунингдек, Марказий банк талаблари ва ўтказилган инспекция текширувлари давомида, ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларига риоя қилинишида аниқланган қоидабузарликлар учун 9 та банк, 6 та микромолия ташкилоти ва 4 та ломбардга нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.
Бундан ташқари, устав капиталининг энг кам миқдорини шакллантирилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя қилинмаганлиги учун 1 та банкка берилган лицензия чақириб олинди.
Аввалроқ Марказий банк асосий ставка йиллик 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирганди.
Август ойида умумий инфляция июлга нисбатан бироз пасайиб, 8,8 фоизни ташкил этган. Асосий ставка масаласи яна 23 октябр куни кўрилади.