platina.uz
Жамият

8 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузарлик аниқланди

Ромитан туман тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигидаги 4,6 млрд сўмлик тендерда баҳолаш мезонлари бузилган. Тиббиёт бирлашмасига нисбатан иш очилди. 

8 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузарлик аниқланди

Рақобат қўмитаси томонидан умумий 8,1 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилди.

Жумладан:

Андижон вилояти мисолида

Қўмитанинг топшириқ хатига асосан Пахтаобод тумани 25-болалар мусиқа ва санъат мактаби томонидан ўтказилган бошланғич нархи 30 млн сўмдан ортиқ “Қуёш панел ўрнатиш ишлари” бўйича танлов савдоси ўрганилди.

Ўрганиш натижасида “Давлат харидлари” ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлар талаблари бузилгани, хусусан, савдоларда манфаатдор ёки аффилланган шахсларнинг иштироки аниқланиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилди ҳамда молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилди.

Бухоро вилояти мисолида

Ҳудудий бошқарма томонидан Ромитан туман тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида ўтказилган тендер савдоси “Рақобат тўғрисида” ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлар талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида 4,6 млрд сўмлик 20 та лот бўйича баҳолаш мезонларига мувофиқ бўлмаган ҳолда қарор қабул қилингани, иштирокчиларга номувофиқ баҳо берилгани аниқланди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарорига мувофиқ Ромитан туман тиббиёт бирлашмасига нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилди.

Жиззах вилояти мисолида

Ҳудудий бошқарма томонидан давлат харидларида рақобат талабларига риоя этилиши юзасидан доимий мониторинг амалга оширилмоқда.

Мониторинг давомида Жиззах вилоят ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан 1,09 млрд сўмлик мастер-режа ишлаб чиқиш танлов савдосида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлиги ва қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этилмагани қайд этилди.

Натижада белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди ва масъулларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Наманган вилояти мисолида

Ҳудудий бошқарма томонидан ижтимоий тармоқдаги мурожаат асосида Наманган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази томонидан 350 млн сўмлик баннер маҳсулотлари хариди бўйича ўтказилган танлов савдоси ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида танловда иштирок этган “ART AGENCY CENTER” МЧЖ ва “PIXEL BRANDWAVE” МЧЖ афилланганлик аломатлари — яъни ҳуқуқий ва фактик манзилларининг бир хиллиги — аниқланди. Бу ҳолат “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддаси 13-хатбоши талабларига зид ҳисобланади.

Натижада танловда қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди ва буюртмачи томонидан танлов бекор қилинди. Қонун бузилишининг олди олинди.

Навоий вилояти мисолида

Ҳудудий бошқарма томонидан Республика тез тиббий ёрдам маркази Навоий вилояти филиалида ўтказилган 950 млн сўмлик “V” классдаги реанимобил хариди бўйича танлов савдоси қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ўрганилди.

Ўрганиш давомида танлов ҳужжатлари ва баённомаларда мезонлар ўртасида номувофиқлик мавжудлиги, иштирокчилар тўлиқ баҳоланмагани ва айрим талаблар рақобатни чекловчи хусусиятга эга экани аниқланди.

“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси бузилганлиги аломатлари асосида белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, филиалга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди ҳамда масъул шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилди.

Қашқадарё вилояти мисолида

Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш натижасида Ғузор туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 1,1 млрд сўмлик “Avtogreder” техникаси хариди бўйича танловда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, баҳолаш меъёрлари белгиланмаган ва ҳужжатлар асоссиз равишда паст баҳоланган.

Натижада, қонунбузарликлар учун иш қўзғатилиб, масъул шахсга маъмурий жазо қўлланилди.

Август ойи охирида "Uzbekistan airports" буюртмачилигида жами 6,8 млрд сўмлик қонунга зид харидлар аниқланганди.

Ушбу маблағ боди-камераларни етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматини кўрсатишга сарфланиши керак бўлган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid