Тадбиркор қурилишдаги коррупцияни жиддий танқид қилди
Усмонжон Абдусаматов қурилиш соҳасида асоссиз рад этишлар мавжудлиги ва коррупциявий ҳолатлар кўп учрашини айтди. Кадастр агентлиги ва Қурилиш вазирлиги бунга жавоб қайтарди.

Тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда тадбиркор фуқаро Усмонжон Абдусаматов қурилиш соҳасида асоссиз рад этишлар мавжудлиги ва коррупциявий ҳолатлар ҳақида фикр билдирган.
Унинг айтишича, Тошкентда қурувчи барча инстанциядан ўтиб, рухсатнома олиш учун қурувчи ҳар бир уй учун 200 минг долларгача тўлаши мумкин. Тадбиркорнинг сўзлари муҳокамага сабаб бўлди.
Ушбу чиқиш бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қуйидагиларни маълум қилган:
Айтилишича, қурилиш соҳасига оид барча давлат хизматлари ва тўловлар белгиланган тартибда электрон тарзда амалга оширилади. Қўшимча маблағ талаб қилиниши мумкин эмас.
Бунда жисмоний ва юридик шахслар ҳар қандай шаҳарсозлик ҳужжатларини фақатгина my.gov.uz электрон портали ҳамда Давлат хизматлари марказлари орқали юборишлари мумкин. Ушбу жараёнларда жисмоний ёки юридик шахс ҳамда ваколатли орган вакили ўртасида ўзаро мулоқотга йўл қўйилмайди.
Иккинчидан, сўнгги йилларда соҳадаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш, инсон омилини минималлаштириш ва коррупциявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этирилмоқда.
Хусусан, объект қурилишига оид рухсатнома олишдан тортиб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар вазирликнинг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тўлиқ назорат қилиб борилади.
Ушбу жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентлар билан аниқ тартибга солинган.
Учинчидан, ҳозирда қурилиш соҳасида давлат хизматларини рақамлаштириш босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Бу жараён шаффофликни таъминлаш, ортиқча оворагарчиликни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлар ва аҳоли учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 июльдаги ПҚ-236 сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 149-сон қарорига биноан Тошкент шаҳрида муҳандислик-коммуникатсия тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида шаҳарда қуриладиган (реконструксия қилинадиган) объектларнинг (бундан буджет тизими маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар, якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари мустасно) жами қурилиш ҳажмининг ҳар бир куб метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим жорий этилган.
Ушбу йиғим тўлиқ ҳажмда Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
Ушбу масала юзасидан Кадастр агентлиги ҳам баёнот берди.
Агентликка кўра, видеода тадбиркор тилга олган қурилиш учун рухсатнома бериш ишларида кадастр идоралари иштирок этмайди.
"Фуқаро баъзи жараёнларни чалкаштирмоқда. Тадбиркор ер сотиб олгандан сўнг кадастр идоралари фақат ерга бўлган ҳуқуқини икки иш кунида рўйхатдан ўтказиб беради ва бу рухсатнома бериш жараёни эмас.
Кадастр идоралари барча қурилиш ишлари тугалланганидан сўнг кўчмас мулкни ўлчаб, кадастр паспортини шакллантириб беради ва тегишли ташкилотлар томонидан фойдаланишга рухсатнома берилганидан сўнггина кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади.
Кадастр агентлиги коррупция ҳолатларини кескин қоралайди ва тизимда шаффофликни таъминлаш учун қатъий чоралар кўриб келмоқда", дейилади хабарда.
Тадбиркорлар ва фуқаролардан турли айбловлар билан жамоатчиликни чалғитмасдан, агар коррупция ҳолатига дуч келсалар, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини сўраймиз, дея таъкидлаган агентлик.