platina.uz
Иқтисод

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҚҚС бўйича енгиллик берилади

Деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда ҚҚС нол ставкада қўлланилади. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҚҚС бўйича енгиллик берилади

Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябр куни қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда бу соҳа таркибий жиҳатдан ислоҳ қилиниб, самарадорликни ошириш чоралари кўрилди. Пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун ажратилди. 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилди. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.

Лекин қишлоқ хўжалигида ҳамон яширин иқтисодиёт улуши юқори. Етиштирилган маҳсулотнинг ҳаммаси ҳам ҳисоботларда қайд этилмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат солиғи 12 фоизни ташкил этмоқда.

Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўтарилган эди. Давлатимиз раҳбари бу борада деҳқон ва фермерларга қулайлик яратиш, солиқ юкини енгиллаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берганди.

Шунга мувофиқ, Халқаро валюта жамғармаси, малакали хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида қишлоқ хўжалигини “соя”дан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, келаси йил 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи нол ставкада бўлади.

Шу билан бирга, маҳсулотни етиштиришда уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр каби харажатлар учун ҳисобга олинган ҚҚСни қайтариб бериш амалиёти ҳам сақланиб қолади.

Натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади, яна 400 миллиард сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти бўлади.

Умуман, бу енгилликлар соҳа вакилларининг шаффоф ишлашига туртки беради, жойларда йирик саноатлашган плантациялар ва қайта ишлаш корхоналарининг кўпайишига мустаҳкам замин яратади.

Мутасаддиларга бу янги тизимни деҳқон ва фермерларга тушунтириб, самарали йўлга қўйиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid