2 млрд сўм ҚҚСни қайтариш схемаси фош этилди
Тошкент вилоятидаги МЧЖнинг муқаддам судланган ходими Навоийдаги хусусий корхона иш бошқарувчисининг ишончига кирган. У солиқдаги танишлари орқали катта миқдордаги ҚҚСни қайтариб олишга ваъда берган.

Қалбаки ҳужжатлар орқали 2 млрд сўм ҚҚСни қайтариш схемаси фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий, Тошкент ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида Чирчиқ шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Унга кўра, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи МЧЖнинг муқаддам судланган ходими Навоий вилоятидаги хусусий корхона иш бошқарувчисининг ишончига кирган. У 2025-2026 йилларда 20 млрд сўм атрофида товар айланмаси бўлганлиги тўғрисида қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириш орқали, мазкур корхона ҳисобига бюджетдан 2 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини солиқ идораларида ишловчи танишлари кўмагида қайтариб олинишида ёрдам беришини айтади.
Ўз навбатида, ушбу “хизмат” ҳақи эвазига 340 млн сўм талаб қилади.
ҚҚСни корхона ҳисоб рақамига тушириб бериш билан боғлиқ барча сохта амалиётларни унинг шериги – Андижон шаҳрида яшовчи, 1971 й.т. якка тартибдаги тадбиркор амалга оширади. Яъни, тадбиркор ўзига таниш бўлган МЧЖ ва Навоий вилоятидаги хусусий корхона ўртасида электрон шартнома расмийлаштиради. Ушбу шартномага асосан, гўёки қиймати 18 млрд 670 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилганлиги, транспорт хизмати кўрсатилганлиги ва қурилиш материаллари етказиб берилганлиги тўғрисида 10 та сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштириб, 2 млрд сўм ҚҚС қайтарилишига эришади.
Шундан сўнг талаб қилинган пул маблағини улар ўзларининг жиноий шериклари – Қибрай туманида яшовчи, 1973 й.т., муқаддам бир неча маротаба судланган шахс ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1996 й.т., муқаддам бир неча маротаба судланган фуқаро орқали олган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Аниқланишича, ушбу шахслар талаб қилинган 340 млн сўмни ўзаро тақсимлаб олишлари керак бўлган.
Мазкур тўрт нафар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган солиқ идораларидаги танишларини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
