platina.uz
Жамият

Олий таълим вазирлиги жуда катта "қовун" туширди

5 та университетга берилган лицензияни "техник хатолик" деган бўлса, Адлия вазирлиги бундай "техник хатолик" бўлмаганини билдирди.

Олий таълим вазирлиги жуда катта "қовун" туширди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 5 та университетга бир нечта қўшимча йўналишлар бўйича аввалига лицензия берган, кейинчалик эса техник хатолик, деб атаган.

Вазирликка кўра, 2025 йил 29 август куни соат 06:19 дан 09:53 гача license.gov.uz ахборот тизимида юзага келган техник носозлик сабабли кўриб чиқиш муддати тугамаган аризалар бўйича айрим нодавлат олий таълим ташкилотларининг амалдаги лицензияларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги сўровларига тизим томонидан белгиланган талаб бузилган ҳолда ижобий хулосалар шакллантирилган.

Вазият шу қадар жиддий тус олдики, Адлия вазирлиги ҳам аралашишга мажбур бўлди. Вазирлик “Лицензия” ахборот тизими(license.gov.uz)да техник носозликлар ҳамда рухсат этилмаган ҳаракатлар кузатилмаган ва тизим штат режимида ишлаб турибди”, деб баёнот берди.

Жамоатчилик нима дейди?

Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров ушбу ҳолатга изоҳ бераркан, бунақаси фақат Ўзбекистонда бўлиши мумкинлигини айтди.

"Тасаввур қилинг, масалан Марказий банк ХХХ, УУУ, ZZZ банкларига лицензия берса-да, сайтига ёки лицензион порталга уларнинг лицензияси жойлангач, бу техник хатолик бўлган экан деб турса. Ким ишонади? Ишондиям дейлик, бундан кейин репутация нима бўлади? Дискредитация бўлган органнинг аввалги ва кейинги қарорлари ҳам шубҳа остида қоладими?

Қизиғи, Олий таълим вазирлиги фаолиятида лицензиялаш билан боғлиқ "техник хато эди" қабилидаги бунақа ўйинлар биринчиси эмас.

Қонунчилик бўйича, Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар ушбу ваколатли органлар томонидан лицензияланадиган фаолиятни амалга оширадиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ташкил этишга ёки уларнинг фаолиятида муассислар, акциядорлар ёхуд иштирокчилар сифатида иштирок этишга ҳақли эмас деб аниқ ёзиб қўйилган. Лекин Ўзбекистонда бўлаверади, қонунлардан истиснолар ва мустаснолар устун", деб ёзган блогер.

"Олий таълим вазирлигида ўтирган нодавлат таълим муассасаларига лицензия беришга масъул ҳамма раҳбарни ишдан олиш керак, ҳаммасини!

Шармандали ҳолат! Бу “лицензия берилиб кетибди” деган нарса биринчиси эмас, иккинчиси эмас, учинчиси. Эҳтимол, охиргиси ҳам эмасдир.

Қанақа тизимсизлик ва майнавозчилик бу? Кап-катта вазирлик, гап майда-чуйда нарсалар ҳақида эмас, олий таълим билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ҳақида. Бу ишда битта расмий муносабат билан қутулиб қолмасликлари шарт!", деб ёзган @masofatalim телеграм канали.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid