Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти нархи ошади
Янги тарифларнинг кучга кириш санаси ҳозирча номаълум. Авалроқ Тошкент вилоятида ҳам иссиқ сув бўйича янги тарифлар тасдиқланганди.

Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти нархлари оширилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши қарори эълон қилинди.
Қарор 2025 йил 22 август куни чиқарилган.
Унга кўра, "Veolia Energy Tashkent" МЧЖ ХК томонидан тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқ марказий иситиш ва иссиқ сув етказиб бериш хизматлари учун қуйидаги нархлар таклиф этилган:
- базавий тариф ҚҚСсиз 711 641 сўм/Gkal;
- аҳоли учун ҚҚСсиз 139 860 сўм/Gkal;
- бюджет ташкилотларига 952 797 сўм/Gkal;
- бошқа улгуржи хизматлар кўрсатувчи ташкилотларга ҚҚСсиз 342 296 сўм/Gkal.
Аммо бу тарифлар қачондан кучга кириши айтилмаган.
Коммунал хизматлари нархи
Сўнгги вақтларда ҳудудларда иссиқ ва совуқ сув нархи ошиши кузатиляпти.
Бир неча кун аввал Тошкент вилоятида Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори билан иссиқ сув бўйича янги тарифлар тасдиқланганди.
1 сентябрдан эса Навоий вилоятида ичимлик суви нархлари ошиши белгиланган.