ОАВ: Шимолий Кореянинг Хитой чегарасидаги махфий базаси ошкор бўлди
Унда АҚШ ва Шарқий Осиё учун потенциал хавф туғдирувчи узоқ масофали ракеталар жойлаштирилгани айтилмоқда.

ОАВда КХДРнинг сирли ҳарбий базаси ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) Хитой билан чегарадан салкам 30 км узоқликда Шимолий Кореянинг махфий ҳарбий базасини аниқлади. У Синпунда, Шимолий Пхенян провинциясида жойлашган.
Базада АҚШ ва Шарқий Осиё учун потенциал хавф туғдирувчи узоқ масофали ракеталар жойлашган, деб ёзади Bloomberg.
The Wall Street Journal ҳам тадқиқотчиларнинг ҳисоботидан иқтибос келтиради. Марказ маълумотларига кўра, база 2004 йилда қурилган ва 10 йилдан кейин иш бошлаган.
Иншоотда ядровий каллакларни олиб юришга қодир қаттиқ ёнилғи қитъалараро баллистик ракеталар жойлашган. Бундай ракеталар тез учирилади, шунинг учун ОАВ хабарларига кўра, ҳужумни олдиндан кузатиш жуда қийин.
Таъкидланишича, 19 август куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат ядровий дастурини тез кенгайтиришга чақирди. У бу стратегияни АҚШ ва Жанубий Корея ўртасида қўшма ҳарбий машғулотлар бошланганидан кейин тақдим этди.
Шимолий Корея ва унинг рақиблари
Доналд Трампнинг ҳокимиятга келиши, Жанубий Кореядаги президент алмашинуви КХДР билан муносабатларга таъсир қилмади. Трамп ўзининг биринчи муддатида Ким Чен Ин билан уч марта учрашганди.
Шунингдек, Жанубий Корея яқинда чегарадаги тарғибот овозкучайтиргичларини олиб ташлади. Аммо Шимол буниям илиқ қабул қилгани йўқ. Ўртадаги муносабатлар таранглигича қолмоқда. КХДРнинг Россияга ёрдам тариқасида Украина урушига аскар юбориши вазиятни янада кескинлаштирди.