11 млрд сўмдан ошиқ қонунга зид давлат харидлари аниқланди
Бухоро тиббиёт институтининг 8,6 млрд сўмлик буюртмасида рақобатни сунъий равишда чекловчи шартлар киритилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги икки ҳолатда жами 11 млрд сўмдан ошиқ қонунга зид давлат харидларини аниқлади.
Биринчи ҳолатда давлат буюртмачиси томонидан 2,6 млрд сўмлик давлат харидида қонунбузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Гап нима ҳақида?
“Темирйўлинфратузилма” АЖ буюртмачилигида жами 2,6 млрд. сўмлик “таъмирлаш хизматлари кўрсатиш” юзасидан ўтказилган давлат харидида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг қатор талабларига зид равишда ўзаро аффилланган шахслар иштирок этган.
Қайд этилган ҳолат юзасидан Агентликнинг тақдимномаси асосида харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, ноқонуний давлат харидининг олди олинди.
Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Иккинчи ҳолат
Шунингдек, 8,6 млрд сўмлик давлат харидида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда ҳаракат қилингани аниқланди.
Бухоро тиббиёт институти буюртмачилигида бошланғич қиймати 8,6 млрд. сўмлик “ақлли иссиқхона қуриш хизмати кўрсатиш” юзасидан ўтказилган давлат харидида қатор қонунбузилиш ҳолатлари содир этилгани маълум бўлди.
Ўрганиш давомида ушбу танловда иштирокчилар учун рақобатни сунъий равишда чекловчи шартлар киритилгани, танлов ҳужжатларида акс этган талаблар асосида таклифлар тўлиқ ва холис баҳоланмагани, шунингдек, баҳолаш жараёнида қатор хатоликларга йўл қўйилгани тасдиқланди.